ЎзА Ўзбек

29.11.2019 Чоп этиш версияси

Уч теннисчимиз ярим финалда

Уч теннисчимиз ярим финалда

Теннис бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Халқаро теннис федерацияси томонидан Таиланд ва Қозоғистонда ўтаётган мусобақаларда муваффақиятли иштирок этмоқда.

Таиланднинг Нонтабури шаҳрида теннис бўйича аёллар ўртасида ўтаётган халқаро турнирда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Нигина Абдураимова чорак финалда хитойлик Мейки Гуони 2:6, 6:2, 6:3 ҳисобида мағлуб этди.

Шу тариқа ярим финалга йўл олган Нигина, энди финал йўлланмаси учун кореялик Су Нам Жеонгга қарши кортга чиқади.

Қозоғистонда Халқаро теннис федерацияси томонидан ўсмирлар ўртасида “G5“ туркумига кирувчи “Aktobe Open” турнирининг яккалик баҳсларида икки теннисчимиз ярим финал йўлланмасини ўзиники қилди.

Дастлаб, Азиз Дадабоев чорак финал босқичида россиялик Венедикт Тсирикидзени 6:3, 6:1 ҳисобида енгган бўлса, Абдураҳмон Саидмуҳамедов бошқа бир рус теннисчиси Владислав Гавриловни 6:7, 6:2, 7:6 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Энди Азиз финал йўлланмаси учун ўтадиган ўйинда Григорий Гордеев (Россия), Абдураҳмон эса Данил Озерной билан куч синашади.

2 089
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА