ЎзА Ўзбек

13.01.2020 Чоп этиш версияси

U-23 Осиё чемпионати: плей-офф сари муҳим қадам ташладик, аммо...

U-23 Осиё чемпионати: плей-офф сари муҳим қадам ташладик, аммо...

Таиландда ўтаётган футбол бўйича U-23 Осиё чемпионатида бугун 2-тур ўйинлари давом эттирилди. Мусобақанинг “С” гуруҳида иштирок этаётган Олимпия терма жамоамиз мазкур турда хитойлик тенгқурлари билан куч синашди.

1-турда Эрон олимпиячиларига қарши анча нурсиз ўйин намойиш этган Любинко Друлович шогирдлари бу сафар дастлабки дақиқалардан ташаббусни ўз қўлларига олишди. Бунинг самараси ўлароқ футболчиларимиз қадрдон мухлисларини чиройли ғалаба билан хушнуд этишди.

6-дақиқада вакилларимиз рақиб дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлганди. Аммо бу вазиятда ҳакам VAR ёрдамида Ҳусниддин Алиқулов томонидан киритилган голда офсайд борлигини қайд этди ва голни инобатга олмади. Бу эса футболчиларимизни янада руҳлантирди ва улар рақибга босимни янада оширди. Бир қатор вазиятларда Азиз Ғаниев, Жасур Яхшибоев, Бобир Абдуҳолиқов, Санжар Қодирқуловларга аниқлик етишмади.

photo_2020-01-13_09-42-23.jpg

Ниҳоят биринчи бўлим охирларида терма жамоамиз аъзоси, бу сафарги ўйинни асосий таркибда бошлаган Ойбек Бозоров рақиб жарима майдони ичида йиқитилди. Ҳакам эса ҳеч иккиланмасдан 11 метрлик жарима зарбасини белгилади. Уни терма жамоамиз сардори Ислом Қобилов аниқ амалга оширди ва футболчиларимиз танаффусга кичик устунлик билан чиқиб кетишди.

Иккинчи бўлимда ҳам вакилларимиз ташаббусни қўлдан чиқаришмади. 53-дақиқада Яхшибоев – Абдуҳолиқов комбинацияси анча ҳавфли бўлди. Орадан кўп ўтмай ҳакам VAR ёрдамида яна рақиб дарвозасига пенальти белгилади. Бироз шубҳали бўлган бу “совға”дан афсуски Ислом Қобилов фойдалана олмади. Акс ҳолда у мусобақа тўпурарига айланиб оларди. Одатда пенальти бартараф этилса, ҳимояланаётган жамоа руҳланиб кетарди. Аммо Друлович шогирдлари хитойликларга бундай имкониятни тақдим этмади ва якунда захирадан ўйинга қўшилган Нурилло Тўхтасинов 80-дақиқада ҳисобни 2-0га етказди. Бу ҳисоб ўйин охиригача сақланиб қолди ва терма жамоамиз кейинги босқичга чиқиш учун муҳим қадам ташлади.

photo_2020-01-13_09-42-21.jpg

Одатда ғолиблар муҳокама қилинмайди. Аммо, жамоамиз ўйинида ҳали камчиликлар бисёр эканлиги кўриниб қолди. Агар кейинги ўйинларда бу камчиликлар бартараф этилмаса, вакилларимизнинг Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритиши осон кечмайди. Нима бўлганда ҳам барча юртдошларимизни ажойиб ғалаба билан табриклаймиз.

U-23 Осиё чемпионати

“C”" гуруҳи, 2-тур
Хитой U-23 – Ўзбекистон U-23 – 0:2. “Тинсуланон" стадиони, Сонхла шаҳри

Голлар: Ислом Қобилов (45+2 пенальти), Нурилло Тўхтасинов (80).

Амалга оширилмаган пенальти: Ислом Қобилов (66-дарвозабон).

Ўзбекистон U-23: Абдувоҳид Неъматов, Ислом Қобилов, Ҳожиакбар Алижонов, Абдулла Абдуллаев, Азиз Ғаниев, Жасурбек Яхшибоев (Достон Ибрагимов 90), Бобир Абдуҳолиқов (Миржаҳон Мираҳмадов 86), Илҳом Алижонов, Ҳусниддин Алиқулов, Санжар Қодирқулов, Ойбек Бозоров (Нурилло Тўхтасинов 76).

3 270
ЎзА