Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

28.08.2018 11:25 Чоп этиш версияси

Аёллар футболи: “Севинч” ҳамон пешқадам, “Бунёдкор” эса таъқиб билан банд

Аёллар футболи: “Севинч” ҳамон пешқадам, “Бунёдкор” эса таъқиб билан банд

Аёллар футболи бўйича мамлакат чемпионати Суперлигасининг 17-тур ўйинларида кўп бўлмасада, ҳарқалай кутилмаган натижалар қайд этилди.

“Севинч”нинг йил бошида ўз майдонида “Металлург” билан очко бўлишганини инобатга олмаганда, 16 турки бирорта ҳам очко йўқотгани йўқ. Владислав Хан шогирдлари аёллар футболида ўзига ҳос ўрни бўлган, фақатгина иқтисодий қийинчиликлар эвазига кейинги йилларда ўз обрўсини пасайтириб юбораётган “Андижанка” майдонида ҳам зафар қуча олишига биров шубҳа ҳам қилмаганди. Ёки “Шўртан” ва АГМК жамоаларининг сафарда тўп суришларига қарамай, “Қўқон-1912” ва “Бухоро” жамоалари устидан устунликка эришишини башорат қилганлар ҳам кам эмасди. “Локомотив”нинг “Нефтчи”, “Сўғдиёна”нинг эса “Навбаҳор” жамоаларини осонгина енгиб қўйишлари ҳам олдиндан кутилганди. Фақат иккита ўйиннинг натижаси кўпчиликни қизиқтираётганди – “Бунёдкор” ва “Металлург” ҳамда “Қизилқум” ва “Пахтакор”. Турнир жадвалида ёнма-ён бораётган пойтахт ва пойтахт вилояти вакилларининг ўзаро учрашуви ҳақиқатдан ҳам қизиқарли, кескин ва муросасиз кечди. Таркиби Людмила Карачик, Наргиза Абдурасулова, Луиза Садирова каби шундоқ ҳам тажрибали футболчилар билан тўлдирилган “Бунёдкор” танаффус даврида янада тажрибали икки футболчи – Махлиё Сариқова ва Зумрад Назаровани қабул қилиб олиш эвазига фақат бош соврин учун курашаётганини янада исботлагандек бўлди. Бу ўзгариш ўйинда исботини топди. Айнан шу икки футболчининг саъй-ҳаракатлари жамоадошларига қўл келди. Зумрад ҳимояни мустаҳкамлади, Махлиё эса ҳужумни кучайтирди. Ҳисоб ҳам шунга яраша бўлди.

Иккинчи қизиқарли учрашув “Қизилқум” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасида кузатилди. Биринчи даврада атиги биттадан ютуқ ва дурангга эга бўлган навоийликлар иккинчи даврани муваффақият билан бошлади ва икки турки майдонни ғалабасиз тарк этишмаяпти.

Айни пайтга келиб, турнир жадвалида 46 очко билан “Севинч” пешқадамлигини давом эттиряпти, “Бунёдкор” жамоаси эса бор-йўғи бир очко кам тўплаган ҳолда иккинчи ўринни мустаҳкамлаб турибди. Учинчи ўринда бораётган “Шўртан” жамоаси ихтиёрида эса 39 очко бор. Учинчи ўринга интилаётган “Металлург” ва АГМК жамоаларида ниятларига етиш учун ҳали имкониятлар кўп. Сабаби, бу жамоалар “Шўртан”дан атиги икки ва уч очкога ортда бормоқда. “Сўғдиёна” (27 очко), “Андижанка” (22 очко) ва “Пахтакор” (21 очко) жамоалари кучли саккизликни ташкил этишяпти. “Локомотив” (12), “Нефтчи” (12), “Навбаҳор” (11), “Қизилқум” (10) ва “Бухоро” (9) жамоалари мавсум охирига қадар асосий эътиборларини бир-бирини қувишга қаратиши аниқ. Фақатгина турнир аутсайдери “Қўқон-1912” жамоасининг аҳволи мақтагудек эмас, қўқонликлар мавсум бошидан бери атиги битта ютуққа эришган ва бисотларида уч очкодан бошқа ҳеч нарса йўқ, ўша ягона ғалаба ҳам “Навбаҳор” устидан қўлга киритилган.

Чемпионатнинг тўпурарлари мусобақасида “Севинч” вакили Нилуфар Қудратова 40 та тўпи билан етакчилик қиляпти. “Металлург” аъзоси Дилдора Нозимова ва АГМК ҳужумчиси Комила Зарипова ихтиёрларида эса 26тадан тўп бор.

Чемпионатнинг навбатдаги 18-тур ўйинлари 29 августга белгиланган.

Bun-Metal (2).JPG

Bun-Metal (3).JPG

Loko-Neftchi (1).JPG

Loko-Neftchi (2).JPG

Loko-Neftchi (3).JPG

Муҳаммад Амин (сурат), Ойбек Юнусов, ЎзА
2 733