ЎзА Ўзбек

01.08.2020 Чоп этиш версияси

Туб яқин. «Барселона»ни ким қутқариб қолади?

Туб яқин. «Барселона»ни ким қутқариб қолади?

Февралда Goal нашри Хосеп Бартомеу «Барселона» бошқарувига келганидан буён 25 та омадсиз трансфер амалга оширганию уларга сарфланган қарийб 1.5 миллиард доллар ҳақида таҳлилий материал эълон қилди. Ундаги рақамлар ва солиштирувлар эса шунчаки даҳшат.

Яқин ўнйилликнинг энг буюк клуби бошқарувига Бартомеудек сифатсиз менежер келиб қолиши ва унинг фаолияти асосий жамоанинг ёши ўтиб бораётган бир пайтда рўй бериши жуда фалокатли ҳодиса. Халқаро ва ички чемпионатдаги натижалар азалий рақиб «Реал» билан доим солиштириб келинадиган «кўк-анорранглилар»нинг юлдузли эраси ниҳояланаётгандек.

Хўш, на трансферга пули бор, на салоҳиятли академияси, бир футболчига бутунлай боғланиб қолган; бўлғуси «иккинчи «Милан»ни энди ким қутқара олади?

Сайловлар

Балки бу кўпчилик учун нотўғрироқ вариант бўлиб кўринар, аммо жамоа раҳбарияти ўзгармаса, пастда санайдиган сабабларимиз клуб ўзгариши учун фойда бермайди.

2021 йилда ўтадиган сайловлар жуда кўп нарсани ҳал қилиб беради. Ҳозирча «Барселона» президентлиги учун номзодлар орасида Виктор Фонт жозибалироқ ғояси билан ажралиб турибди.

barcelona-presidential-elections-2014_11cvmx6yg4lau1a23asafd7eyp.jpg

«2015 йилда айтганимдек, агар тизим ўзгармаса, «Барселона» 2025 йилда «иккинчи «Милан»га айланиши мумкин — кучли тарихга эга бўлган, аммо топ клубларга имкониятни бой берадиган» – бу Фонтнинг Mundo Deportivo нашрига берган интервьюсидан парча. Унинг асосий мақсади клубнинг ёш футболчилар трансфери орқали даромадини ошириш, Хавини бош мураббийликка тайинлаш ва «Si al futur» («Келажак сари») шиори остида жамоа академиясини кучайтириш. Шунингдек, мухлисларга 5 евродан бериш таклифи ҳам бор унинг ғоялари қаторида.

Ўз навбатида Фонтни «Барселона» собиқ президенти Хуан Гаспар, Карлес Пуйоль ва эҳтимолий бош мураббий Хави қўллаб-қувватламоқда. Хави Фонт ҳақида гапирар экан «унинг номзоди «Барса» учун энг тўғри танлов» эканини айтди.

Шунингдек, «кўк-анорранглилар»нинг энг муваффақиятли бошқарувчиси Жоан Лапорта ҳам 2021 йилги сайловларда иштирок этади. Агар сайловда ғалаба қозонса, у танаффус билан «Барселона»ни 12 йил бошқариши мумкин.

0_Barcelona-president-Joan-Laporta-C-and (1).jpg

Яқинда мухлислар ўртасида янги президент ким бўлиши ҳақида ўтказилган онлайн сўровномада 42,3% фанатлар, 56,2% қатнашчилар Лапорта номзодини маъқуллади. Энг яқин таъқибчи ва асосий рақиб Фонт эса 10,6% овозга эга чиққан.

Хўш, Лапорта номзоди нега жозибали?

Ўз вақтида Бекхэм билан шартнома имзолаш учун муносабатларга киришган ва Гвардиола билан фантастик «Барселона» яратган Жоан Лапорта яна мухлисларга Пепни қайтаришни ваъда қилмоқда. «2021 йилда «Сити» билан шартномаси ўз ниҳоясига етишини инобатга олсак, Гвардиолани Каталонияга олиб келиш қийин бўлмайди», деди у Marca нашрига берган интервьюсида. Фақатгина мураббийни ўзгартириш билан клубни қутқариш мумкин, деган ғояни ҳозирча фақат Лапорта илгари сурмоқда.

Бартомеу

Аслида ҳозирги президентнинг муаммоси шундаки, у ўз муқим ғояларига эга эмас. Масалан, Лапорта 2015 йилги сайловларда ютса, Абидални спорт директори этиб тайинлашни ваъда қилган. 2018 йилда эса Бартомеу собиқ рақибининг ғоясини ўзлаштириб, Абидални спорт директори этиб тайинлаган. Бу борада тажрибасиз бўлган Эрикнинг Месси билан конфликти ҳали ҳам мухлисларнинг ёдида. Ўз навбатида Бартомеунинг «ёлланма мухлислар» орқали Месси, Пике ва Бускетсга ижтимоий тармоқларда босим ўтказгани ҳам унутилиб кетгани йўқ.

75FlT62eqi68jeMNEMfZ3E.jpg

Аслида Бартомеу ўзини қандайдир босимдан халос қилиш учун Кике Сетьен вариантини танлаб қўя қолди. Дастлаб Хави билан ҳам музокараларга киришилгани ҳаммага маълум, бироқ жамоанинг собиқ афсонаси президентнинг олдига қаттиқ шартлар қўйган кўринади. Ким ҳам билади дейсиз, балки улар орасида Мессисиз жамоа қуриш ғояси энг оғири бўлиб тушгандир.

4.jpg

ОАВда айланиб юрадиган бир ибора борку «Барселонани Месси бошқаради», деган. Аслида шу рост. Айниқса, Кике Сетьен бошқаруви даврида бу жуда сезилиб қолди. Рестартдан кейинги айрим беллашувларда пульт Леода экани ва агар хоҳласа, футболчиларга ҳам кўрсатма бериши мумкинлиги кўриниб қолди. Тўғри, Кике ёмон мураббий эмасдир, аммо «Месси бошқаруви» давридаги «Барселона»нинг энг ёмон мураббийи. Ва бу, бориб-бориб яна Бартомеуга тақалади, чунки айнан унинг даврида Месси жамоа мураббийига «айланди».

«Ла Масия»

Бир пайтлар «Барселона» академияси ҳақида, умуман, клублар академияси ҳақида гап кетганда «Ла Масия» жуда сифатли ўйинчилар етиштириб чиқариши билан ном қозонган эди. Билмадим, қанчалик ғалати кўринар, аммо энди Каталонияда Месси, Иниеста, Хави ёки Пике каби футболчиларни улғайтириб берадиган академия йўқ. Бир қараганда жуда тўғри йўлдан бораётган клуб қандай қилиб шундай пастликка шўнғиди тушуниш қийин. Туб яқиндек. Фонт айтганидек Бартомеу «Барселона»ни нафақат маънавий таназзулга олиб келди, балки клубнинг юраги бўлган «Ла Масия»ни ишдан чиқарди.

23.jpg

Замонавий футбол кучли жамоа билан бир қаторда кучли академияни ҳам талаб қилади. Ҳатто исталган футболчини сотиб олиш салоҳиятига эга бўлган араб шайхлари ҳам бугун футбол академияларига жиддий эътибор қаратишган. Демакки, ҳали юксак инфраструктурага эга бўлган «Ла Масия» ғоясини қайтадан кўриб чиқиш ва асосий жамоага ана ўша ердан футболчи жалб қилиш анъанасига қайтиш керак. Бу учун кўп нарса талаб қилинмайди.

Хави номли «янги қон»

Гвардиола давридан бери ўзаги ўзгармай келаётган «Барселона»ни Хави янгитдан қуриш ниятида. Унинг ва Пепнинг ғоялари кройфона тотал футболга асосланганлиги ҳамда ёшларга имконият бериш бобидаги қарашлари академияга алоҳида эътибор қилинишидан далолат беради.

Эрнесто Вальверде ҳали ишдан олинмаган пайтлардан буён Хави номзоди каталонияликлар бош мураббийлиги курсисига асосий номзод сифатида кўрилаётган эди. «Барса» афсонаси бутунлай янги «Барселона» яратишга чоғланган кўринади. Шу учунми у Мессиси бор жамоани бошқаргиси келмаяпти. Кўп интервьюларида «Барселона»нини бошқариш орзуси эканлигини яширмасада, аммо ишга киришишга шошилмоқчи эмас. Бундан маълум бўладики, у Мессига устоз бўлишни ва ёши ўтиб бораётган клубни бошқаришни ўйламаяпти, ОАВ эса тинмай Хавини Каталонияга олиб келмоқда.

15788352620697.jpg

Агар Хави чиндан ҳам келажагини «Барселона»да кўраётган бўлса, (аслида «Барселона» ўз келажагини Хавида кўраётган бўлса) жамоанинг 31, 32, 33 ёшли, умуман, кекса ўйинчилари билан тезроқ хайрлашиши, уларни муносиб номзодлар билан алмаштиришига тўғри келади. Аммо масаланинг яна бир муҳим томони бор. «Ас-Садд» устозига жуда кўп баҳо бериб юбориш ҳам ярамайди. Масалан, худди у «Барселона»га келадию бир ёки икки йилда «Олтин требл»лар қайд этиб ташлайди. Йўқ. Ундай бўлмаслиги бўлиш эҳтимолидан кўпку, тўғрими? Балки мавсумнинг ярмидан истеъфога чиқариб юборилар. Зидан ҳам «Реал»га келган мавсумида ҳеч қандай кубок ютмаганида, балки Перес ҳам у билан эртароқ хайрлашган бўлиши мумкин эдику.

Ҳозир вазият шундайки, Хави «Барселона»га келиб тобора йўқолиб бораётган мухлислардаги ишончни (буни биргина «Челси»да, Френк Лемпард мисолида кўряпмизку) қайтариши керак. Ўйинчиларга етишмаётган ғолибликка ташналикни жонлантириши лозим. Жуда кўп нарсалар бир-бирига боғланган ва уларнинг энг бошида раҳбариятнинг ўзгариши бўлиб турибди. Юқорида айтганимиздек «Барселона» раҳбариятида ўзгариш бўлмас экан, ҳамма тахминлар тахминлигича қолаверади.

Ёшлар

Мессини ўзи ҳам бир неча бор айтди. Мухлислар ҳам сезиб турибди. Вальверде кашф қилган болакай – Анссумане Фати келажак Мессиси бўлиши мумкин. Клубни амалдаги раҳбарияти ҳам «Манчестер Юнайтед»нинг анча жозибали таклифини рад этиб, Фатига бўлаётган таклифлар кўриб чиқилмаслигини таъкидлади.

21.jpg

Албатта бу, унга билдирилаётган катта ишончдан дарак. Шунингдек, Рики Пуч, Карлес Перес ва яна бир қанча «Ла Масия» тарбияланувчилари келажакка бўлган ишончни қайтаради.

Трансферлар

Биласизми, «клубданда устунроқ клуб»ни ҳозир трансферлар учун пули йўқ. Пул йўқми, демак, қандайдир Неймар ёки Лаутаронинг орзудаги эҳтимолий трансферлари ҳақида ўйламаслик керак.

Хосеп Бартомеунинг одатдаги тутуриқсиз қарорлари қаторига Пьянич – Артур рокировкасини қўшиб қўйишингиз мумкин. Мақсадсиз ва ҳеч қандай ўлчовларсиз амалга оширилган жуда ва жуда тушунарсиз трансфер. 23 ёшли ўсадиган ўйинчини 30 ёшли «отарини отиб бўлган» футболчига алмаштирилишини қандай ақл билан қабул қилиш мумкин?

mini_2019-01-22-MIGUEL-RUIZ-BOATENG-FIRMA-75 (1).JPG

Аслида фақат бу эмас, барча 30 га яқин трансферни ҳам тушунарсиз ва муваффақиятсиз деса бўлади. Масалан, Коутиньо ва Дембеледан бошланадиган бу рўйхат Гризманда ниҳоясига етади. Ўртада Арда Турон, Ке́вин-Принс Боате́нг, Мальком, Андре Гомеш исмли азаматларниям учратиш мумкин. Ва энди клуб хоҳласа ҳам янги футболчи ола олмайди. Фонтнинг норозилигича бор: бугунги «Барселона»да биринчи ўринда тизим ёмон, ундан кейинги биринчи ўринда эса раҳбарият жуда ёмон.

Ваниҳоят Месси

Ҳозир исталган одамга Мессининг «Барселона»да қолиши жамоа учун фойдами ёки зарар, деб савол берсангиз, албатта фойда, дейиши аниқ. «Кейинги беш ёки ўнйилликдаги энг биринчи ва охирги муаммоимиз — Месси», деди Виктор Фонт Mundo Deportivo билан суҳбатда. Ушбу фикрлар «энг катта ютуғимиз ва энг катта камчилигимиз» дея талқин қилинганда ҳам ноўрин бўлмасди. Чунки Мессининг «Барса» учун қандай даражада аҳамиятли эканини у кетсагина англаш мумкин. Унинг ҳали ҳамон «Барселона»да эканини мураббийлар бадалини тўлаб ётишибди шундоқ ҳам...

0023.jpg

Хўш, Месси қачон кетиши керак?

Яқинда Леонинг отаси Милан шаҳридан уй олгани ҳақидаги хабарлар тарқади. Назаримда, шу йил, қишки трансферлар вақтида ўз жамоасини алмаштириши керак у. Балки бу нотўғри қарашдир, аммо Мессининг кетиш ёки кетмаслиги клуб учун барибир тўғри ёки нотўғри қарор бўлиши аниқ. Худди шундай қолиши ҳам тўғри ёки нотўғри қарордир. Аммо қандай бўлмасин, у эртароқ кетиши керак. Ўз келажагини «Интер»да кўраётган бўлса, марҳамат. Бир пайтлар Эрик Тоҳир Мессини Миланга олиб келишга ваъда берганди. Унда ҳозиргиданда қулай вазият бўлмаган аргентиналикни қўлга киритиш учун.

Мавсумда 50 талаб гол урадиган ҳужумчи билан хайрлашиш осон эмас, аммо мана «Реал» шу ишни қилдику? Бошида ҳамма ёмон кўрди. Амалда эса ҳаммаси изига тушиб, Ла Лигада ҳам зафар қучдику «қаймоқранглилар». Тўғри излар босилиб кетиши учун бироз муддат керак бўлди. Бироқ уддаланди. Аслида Месси билан «Барселона»нинг вазияти унданда оғирроқдек кўринади. Леонинг Каталонияда қанча кўп қолиши, у ердагилар учун ҳам шунча кўп зарар деганидир. Шунингдек, шунча фойда ҳам.

TELEMMGLPICT000157457733_trans_NvBQzQNjv4BqRo0U4xU-30oDveS4pXV-Vv4Xpit_DMGvdp2n7FDd82k.jpeg

Тўғри, Лионель клуб учун қўлидан келган ва келадиган барча ишни қилди, бироқ бу вазиятда Янги «Барселона» яратиш ғояси учун унинг трансферидан ҳам мўмайгина пул ишлаб олиш мумкин. Кейин «отимнинг ўлишини билганимда, бир қоп кепакка алмашиб юборардим», бўлмаса бўлгани.

Агар Месси клубдан кетса, жамоа имижи учун катта салбий таъсир кўрсатади дегувчиларга эса «ўзи шундоқ ҳам бир куни кетиши керакку», деган жавобни айтиш кифоя. Унинг трансферидан келадиган 100-200 миллион евро атрофидаги сумма эса пулсиз «Барса» учун сув ва ҳаводек зарур. Аммо Мессини сотиб, ундан тушган маблағлар Неймарнинг 222 миллион евросидек ҳавога учмаслиги учун иқтидога барибир янги раҳбарият келишини тақозо этаверади.

6 205
Шоҳрух НЎЪМОНОВ, ЎзА