ЎзА Ўзбек

07.08.2019 11:27 Чоп этиш версияси

Тошкентда жаҳон чемпионати бошланди

Тошкентда жаҳон чемпионати бошланди

Бугун пойтахтимиздаги “Универсал” спорт саройида таэквондо (WT) бўйича кадетлар ўртасида жаҳон чемпионатига старт берилди. Мазкур жаҳон чемпионатида дунёнинг 67 та давлатидан қарийб 850 нафар таэквондочи ғолиблик учун ўзаро куч синашади.

Чемпионатда мамлакатимиз шарафини 20 нафар спортчи (10 нафар ўғил, 10 нафар қиз) ҳимоя қилиши ҳақида аввал хабар бергандик. Уларни мусобақага истеъдодли мураббийлар Собир Назаралиев ҳамда Жасур Бойқўзиев тайёрлашди.

– Мазкур жаҳон чемпионатига уч босқичда тайёргарлик олиб бордик, – дейди Ўзбекистон кадетлар терма жамоаси мураббийи Жасур Бойқўзиев. – Дунё биринчилигига тайёргарлик кўришимиз учун ассоциациямиз ва бир қатор ташкилотчилар томонидан кенг имкониятлар яратиб берилди. Умид қиламанки, шогирдларим жаҳон чемпионатида ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишади.

Мусобақанинг дастлабки кунида вакилларимиздан А.Аҳрамов (-65 кг), М.Маратов (+65 кг), Ш.Абдувалиева (-29 кг), А.Умирзоқова (-33 кг) ҳамда М.Маъмуржонова (-51 кг) даянга чиқишмоқда. Айни дақиқаларга келиб спортчиларимиздан биргина Шабона Абдувалиева мусобақани тарк этишди, қолган атлетларимиз эса медаллар учун курашни давом эттирмоқда.

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА
827