ЎзА Ўзбек

02.10.2019 Чоп этиш версияси

Тошкентда Осиё вице-чемпионлари тантанали кутиб олинди

Тошкентда Осиё вице-чемпионлари тантанали кутиб олинди

Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳри мезбонлик қилаётган сув спорти турлари бўйича турли ёш тоифаларидаги Осиё чемпионати ўз поёнига етиб қолди. Қувонарлиси, мусобақада юртимиз спортчилари ҳам муносиб иштирок этишмоқда.

Ҳозирда синхрон сузувчиларимиз қитъа биринчилиги медаллари учун курашишда давом этаётган бўлса, бугун кечқурун сув полоси бўйича Ўзбекистон ўсмирлар ва қизлар терма жамоалари юртимизга қайтиб келишди.

Эътиборли жиҳати, айнан қизлар термаси Осиё чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлди ва натижада улар келгуси йил Исроил давлатида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Сув полоси бўйича қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатида сариқ қитъанинг 6та терма жамоаси иштирок этди. Ўйинлар давравий тизимда ўтказилиб, барча учрашувларда ғалабага эришган Япония терма жамоаси 10 очко билан қитъа чемпионига айланди. Қозоғистон ва Ўзбекистон қизлар терма жамоалари эса бир хил – учтадан ўйинда зафар қучишди. Фақат, ўзаро ўйиндаги анчайин ишончли – 16:11 ҳисобидаги ғалаба якунда қизларимизга кумуш медални тақдим этди.

Дарвоқе, қитъа чемпионатида дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар навбатдаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш имкониятига эга бўлишарди. Шу маънода ён қўшнимиз Қозоғистонга қарши ўйин вакилларимиз учун ҳаёт-мамот жанги вазифасини ўтаб берди.

Бугун спортчиларимизни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон сузиш федерацияси, спортчиларнинг оила аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари тантанали кутиб олишди.

- Мусобақага жиддий ҳозирлик кўрганимиз боис кўзланган мақсадга эришдик, - деди биз билан суҳбатда сув полоси бўйича мамлакат қизлар терма жамоаси бош мураббийи Акбар Содиқов. – Эндиги вазифамиз келгуси йил Исроилда ўтадиган жаҳон чемпионатида ҳам муносиб иштирок этиш. Венгрияда ўтказилган сўнгги жаҳон чемпионатида қизларимиз 12-ўринни қўлга киритишган эди. Бу сафар ўз кўрсаткичларимизни яхшилашга интиламиз. Бунинг учун бизга ҳукуматимиз, хусусан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан барча шароитлар яратиб берилмоқда.

Таъкидлаш керак, сув полоси бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида иштирок этиш вакилларимиз учун янгилик эмас, улар бир неча бор дунё биринчилигида қатнашишган. Умид қиламиз, йиллар давомида орттирилган тажрибалар қўл келиб, бу сафар қизларимиз ЖЧдан ёруғ юз билан қайтишади.

Aeroport-suv-ayollar (9).jpg

Aeroport-suv-ayollar (12).jpg

Aeroport-suv-ayollar (8).jpg

Aeroport-suv-ayollar (10).jpg

Aeroport-suv-ayollar (11).jpg

Aeroport-suv-ayollar (13).jpg

Aeroport-suv-ayollar (4).jpg

Aeroport-suv-ayollar (5).jpg

4 447
О.ЭШМАМАТОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА