ЎзА Ўзбек

29.08.2019 Чоп этиш версияси

Тошкентда нуфузли турнир якунланди

Тошкентда нуфузли турнир якунланди

Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги велотрек мажмуасида Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси томонидан велотрек бўйича эркаклар, аёллар ва 2003-2004 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида А.Юдин хотирасига бағишланган республика очиқ турнири ўтказилди.

100 дан ортиқ велопойгачи иштирок этган мусобақанинг эркаклар ўртасидаги гуруҳ пойгаларида Ботир Исматов, Арсений Покосенко ва Маҳмуд Шарипов шоҳсупага кўтарилди. Аёллар ўртасидаги гуруҳ пойгаларида Анна Куликова, Янина Кускова ҳамда Диана Адельшинова ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.

Ўсмирлар ва қизлар ўртасидаги гуруҳ пойгаларида Камрон Мирзараҳимов ва Асал Ризаева маррага биринчи бўлиб етиб келди.

Эркаклар ва аёллар ўртасидаги скретч гуруҳ пойгаларида Ботир Исматов ҳамда Мадина Қаҳҳаровага тенг келадигани топилмади. Ушбу йўналишнинг ўсмирлар ўртасидаги пойгаларда Сергей Гореликов ва София Каримова ғалаба қозонди.

Шунингдек, мусобақа иштирокчилари турли йўналишларда ўтган пойгаларда рақобатлашиб шоҳсупага кўтарилди.

Ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ҳамда Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби томонидан тақдирланди.

photo5420269236477078328.jpg

5 905
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА