ЎзА Ўзбек

31.08.2019 Чоп этиш версияси

Тошкент яна бир нуфузли спорт мусобақасига мезбонлик қилади

Тошкент яна бир нуфузли спорт мусобақасига мезбонлик қилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5 та муҳим ташаббусида белгиланган аҳолини, айниқса, ёшларни спорт билан шуғулланишга янада фаол жалб этиш, спорт тадбирларини кўпроқ ўтказиш мақсадида Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси, Халқаро қиличбозлик федерацияси ҳамкорлигида “FIЕ” қарори асосида 2019 йил 5-10 сентябрда рапира ва шпага бўйича “Сателлит” халқаро турнири ҳамда катталар ўртасида Марказий Осиё қиличбозлик федерациясининг очиқ чемпионати ўтказилади.

Рапира бўйича “Сателлит” халқаро турнири 5-6 сентябрда, шпага бўйича 7-8 сентябрда, Марказий Осиё қиличбозлик федерациясининг очиқ чемпионати 9-10 сентябрда Тошкентдаги Гимнастика бўйича республика болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари спорт интернат-мактабида бўлиб ўтади.

Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари мазкур мусобақага қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Жумладан, Россия терма жамоаси аъзолари билан энг машҳур қиличбозлик марказлари – Москва, Новосибрскда, шунингдек, бошқа чет эл мамлакатларининг тажрибали спортчилари билан ўқув-машқ йиғинларини ўтказмоқда. Спортчилар маҳоратини ошириш мақсадида тажрибали чет эллик тренерлар жалб этилмоқда. Судьяларнинг малакасини оширишга ҳам катта эътибор берилмоқда.

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси матбуот хизматининг хабарига кўра, рапира ва шпага бўйича “Сателлит” халқаро турнирида Россия, Буюк Британия, АҚШ, Италия, Сингапур, Малайзия, Филиппин, Бразилия, Туркия, Грузия, Хитой, Афғонистон, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби бир қатор мамлакатларининг энг кучли спортчилари иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, ушбу мусобақаларда 50 дан ортиқ спортчи ҳамюртларимиз мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.

Марказий Осиё қиличбозлик федерациясининг очиқ чемпионатида Афғонистон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Малайзиядан спортчилар қатнашади.

6 384
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА мухбири