ЎзА Ўзбек

31.12.2019 Чоп этиш версияси

Тошкент вилоятининг спорт соҳаси сарҳисоб қилинди

Тошкент вилоятининг спорт соҳаси сарҳисоб қилинди

Тошкент вилоятида 2019 йил мобайнида Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилган ишлар бўйича йил якуни.

Кеча Тошкент вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг 2019 йил якуни бўйича йил сарҳисоби бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилиш бошида вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи К.Адилов сўзга чиқиб Тошкент вилоятида 2019 йил мобайнида Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилган ютуқ ва камчиликларга тўхталди.

Янги йилда Япония пойтахти Токио шаҳри мезбонлик қиладиган ёзги Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирокини таъминлаш масаласига жиддий ёндашиш кераклигини ва бу борада Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда вилоят хокимлиги томонидан қўйилган устувор вазифаларни сидқидилдан бажариш кераклигини таъкидлаб ўтди.

2019 йил Тошкент вилоят спортчилари учун ҳам ғалабаларига бой бўлиб, Республика, Осиё ва жаҳон миқёсидаги нуфузли турнирларда муваффақиятли иштирок этишди. Вилоят аҳолисининг 1 402 867 нафарини ёшлар ташкил этади. Ёшларнинг 246 мингдан ортиғи маданият ва санъат билан, 778 мингдан ортиғи спорт билан, 200 мингдан ортиғи китобхонлик билан қамраб олинган.

Ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш мақсадида спортнинг 18 тури бўйича 1 231 маротаба спорт мусобақаси ташкил этилиб, уларга 134 мингдан ортиқ ёш қамраб олинди.

Шунингдек, 2020 йилда Токио шаҳрида ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига 7 нафар спортчи (4 нафар паралимпиядачи ва 3 нафар олимпиядачи) йўлланмани қўлга киритди. Спортчиларимиз томонидан яна 37 та йўлланмани қўлга киритиши кутилмоқда.

Йиғилиш якунида Тошкент вилоятида ўзини кўп томонлама кўрсатган спорт бўлимлари, Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, вилоят федерациялари ходимларига ҳамда 2019 йил давомида турли спорт турлари бўйича юқори натижа кўрсатган спортчиларга Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Тошкент вилояти хокимлигининг совғалари топширилди.

2 505
Назокат РАЖАБОВА, ЎзА