ЎзА Ўзбек

21.05.2018 16:45 Чоп этиш версияси

Тошкент шаҳрида "Умид ниҳоллари – 2018" мусобақаси якунланди

Тошкент шаҳрида "Умид ниҳоллари – 2018" мусобақаси якунланди
Пойтахтимизда “Умид ниҳоллари – 2018” спорт ўйинларининг финал босқичи ёшлик ва спорт байрами сифатида ўтказилди.

Мамлакатимизда узлуксиз тарзда ўтказилаётган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари ёш авлодни спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини камол топтириш, буюк аждодларимизнинг мардлик ва жасурлик анъаналарини муносиб давом эттиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Мусобақалар спортнинг 21 тури – бадиий гимнастика, бадминтон, баскетбол, бокс, волейбол, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо, футбол, шахмат, эркин ва юнон-рум кураши, қўл тўпи, кураш, турон, белбоғли кураш, ўзбек жанг санъати бўйича ўтказилди. Эътиборли жиҳати, мусобақада ўқувчилар асосан Олимпиада дастуридан жой олган спорт турлари билан бир қаторда миллий спорт турларимиз бўйича ўз маҳоратини намойиш этди. Улар орасидан келажакда жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларда, хусусан, Олимпия ўйинларида Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчилар етишиб чиқиши шубҳасиз.

“Ўзбекистон” спорт мажмуасида “Умид ниҳоллари – 2018” спорт мусобақаларининг Тошкент шаҳар финал босқичи тантаналари бўлиб ўтди. 

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.Ортиқхўжаев мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида келажагимиз эгалари, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган навқирон авлодни соғлом ва баркамол, ҳеч кимдан кам бўлмаган ва ҳеч қачон кам бўлмайдиган инсонлар қилиб вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланганини алоҳида таъкидлади. 

“Умид ниҳоллари” – умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшларнинг катта спорт анжумани, жисмоний тарбия ва спортга меҳри баланд миллионлаб ўғил-қизларнинг беғубор қалбларида куртак ёзган эзгу орзулари ижобатининг дебочаси, уларнинг ҳаётида том маънода янги саҳифа очувчи ёрқин воқеа, катта мусобақаларнинг нафаси, ғалаба шукуҳи, бир умрга ёдда қоладиган, унутилмас лаҳзаларни тақдим этувчи парвоз майдонидир.

“Умид ниҳоллари – 2018” мусобақаларида ўз иқтидори ва қобилиятини намоён этган энг сара спортчилар қатнашди. Мусобақаларда қайд этилган натижалар йилдан-йилга ўсиб бораётгани ёшларимизнинг спорт соҳасидаги салоҳияти юксалаётганидан далолатдир. Мактаб ўқувчиларининг бу галги йирик байрами ҳам ана шундай маҳоратли ва шижоатли ёшларни ўзида бирлаштирди.

– Ўғлим Асилбек билан фахрланаман, – дейди Азим Салиҳов. – Фарзандим спорт билан шуғулланиб, жисмонан соғлом бўлиб вояга етаётгани бир қувонтирса, ўқувчи-ёшларнинг “Умид ниҳоллари – 2018” мусобақаларида ғолиблар қаторида турганидан севинчимиз икки ҳисса ошди. Ахир, ҳар бир ота-она фарзандининг бахту камолини кўришни орзу қилади. Унинг эл-юрт корига ярайдиган, Ватан олдидаги бурчини адо эта оладиган инсон бўлиб улғайишини истайди. Бугун ана шундай орзу-истакларимизнинг рўёбини кўряпмиз. 

Ҳаяжонли, орзиқиб кутилган дақиқалар келди. “Умид ниҳоллари – 2018” спорт ўйинларининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлди. Чилонзор тумани жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлди ва Президентимиз совғаси – “Дамас” автомобили билан тақдирланди. Юнусобод тумани вакиллари иккинчи, Миробод тумани спортчи ёшлари учинчи ўринни эгаллади.

– Бу мусобақа биз, ўқувчи-ёшларни беллашувларга чорлабгина қолмай, ўзаро дўстлик, меҳр-оқибат, аҳиллик туйғуларини ҳам мустаҳкамлайди, – дейди мусобақа совриндори Мадина Аҳмедова. – “Умид ниҳоллари – 2018” спорт ўйинларининг қўл тўпи бўйича баҳсларида жамоамиз билан муносиб қатнашдик. Мусобақада кумуш медални қўлга киритганимиздан ва туманимиз умумжамоа ҳисобида биринчи бўлганидан бахтиёрман. Бу ютуғимиз янада янги марралар сари дадил қадам ташлашимизда куч-ғайрат бағишлайди.

Жаҳон ва қитъа чемпионлари ҳамда совриндорларининг кўргазмали чиқишлари, санъат намояндалари ижросидаги қўшиқ ва рақсларда Ўзбекистон ёшларига хос интилиш, ғайрат-шижоат, жўшқинлик ва нафосат намоён бўлди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
7 981