ЎзА Ўзбек

13.05.2019 21:01 Чоп этиш версияси

Тошкент “Осиё болалари” Халқаро ўйинларига мезбонлик қилади(ми?)

Тошкент “Осиё болалари” Халқаро ўйинларига мезбонлик қилади(ми?)

Мамлакатимиз қатор нуфузли халқаро спорт мусобақаларига мезбонлик қилиб келмоқда. Қолаверса, яқин келажакда комплекс спорт мусобақаларига мезбонлик қилиш бўйича ҳам изчил ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, ўтган йили Индонезияда ўтган Осиё ўйинларидан кейин давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2030 йилги Осиё ўйинларига мезбонлик учун кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бугун пойтахтимизда “Осиё болалари” ўйинлари Халқаро қўмитасининг Ижроқўм йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур тадбир доирасида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва “Осиё болалари” ўйинлари Халқаро қўмитаси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Табиийки, унда кўрилган асосий масала – бу юртимизнинг мазкур мусобақага мезбонлик қилиши борасидаги имкониятлари юзасидан музокара олиб бориш бўлди.

Йиғилишда МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов ҳамда “Осиё болалари” ўйинлари Халқаро қўмитаси президенти Дмитрий Глушко бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Deti-Azii5.jpg

“Ўзбекистон келажакда кўплаб халқаро мусобақаларга мезбонлик қилишни кўзламоқда. Бунинг учун етарли спорт объектлари ҳам барпо этиляпти. Жумладан, 2030 йилги Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш борасида катта иш бошладик. 2028 йили ўтказиладиган ёзги “Осиё болалари” ўйинларини Ўзбекистон юқори савияда ташкил қилишга қодир, деб ўйлайман. Ўша даврга бориб, бунинг учун қандай талаблар керак бўлса, барчаси бизда муҳайё бўлади. Қолаверса, Осиё ўйинларидан аввал бу мусобақа биз учун ўзига хос тайёргарлик бўлиб хизмат қилади”, – деди Умид Аҳмаджонов.

Шунингдек, “Осиё болалари” ўйинлари Халқаро қўмитаси раҳбари Д.Глушко ҳам бу борада ўз фикрларини билдирди.

“Бизни илиқ кутиб олганингиз учун раҳмат айтаман. Маълумки, “Осиё болалари” ўйинлари ҳам йирик комплекс мусобақалардан бири ҳисобланади. Унда бир эмас, кўплаб спорт турлари бўйича беллашувлар бир вақтнинг ўзида ўтказилади. Шу боис ҳам уни ўтказиш ва ёритишга ўзгача ёндашув керак. Мусобақага мезбонлик борасидаги барча талаб ва дастурларимизни сизга тақдим этамиз. Ўйлайманки, Ўзбекистон бундай мусобақани қабул қилишга қодир”, – деди фахрий меҳмон.

Deti-Azii10.jpg

Йиғилиш давомида ҳар икки тараф ўртасида келажакда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, мусобақани ўтказиш борасида қандай ишлар амалга оширилиши юзасидан мулоҳазалар юритилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, “Осиё болалари” Халқаро ўйинлари ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиб келинади. 2020 йили мазкур мусобақа Мўғулистонда ўтказилса, 2024 йили унга Россиянинг Якутск шаҳрида бўлиб ўтади. Ўзбекистон эса 2028 йили бўлиб ўтадиган мусобақа мезбонлиги учун даъвогарлик қилиш ниятида.

Deti-Azii2.jpg

О.ЭШМАМАТОВ, ЎзА
3 708