ЎзА Ўзбек

23.09.2019 Чоп этиш версияси

Тошкент Гран-присида барча ғолиблар номи маълум бўлди

Тошкент Гран-присида барча ғолиблар номи маълум бўлди

Пойтахтимиздаги кўп тармоқли “Ҳумо арена” муз саройида дзюдо бўйича Гран-при туркумига кирувчи халқаро турнир якунланди.

Дунёнинг 71 мамлакатидан 500 га яқин моҳир дзюдочилар ғолиблик билан бир қаторда келаси йили Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларининг муҳим рейтинг очколари учун кураш олиб борди.

Мусобақада мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Шарофиддин Болтабоев ва Хикматуллоҳ Тўраев барча рақибларини енгиб олтин медални қўлга киритди. Финалгача бўлган беллашувларда қўли баланд келган Бекмурод Олтибоев, Камолиддин Расулов ва Гулноза Матниёзова кумуш медаль билан тақдирланди. Шунингдек, турнирнинг бронза медали Сардор Нуриллаев ва Диёрбек Ўрозбоевга насиб этди.

Тошкент Гран-присининг барча ғолиблари 700 рейтинг очкони қўлга киритган бўлса, кумуш медаль эгалари 490, бронза медали билан тақдирланган дзюдочилар эса 350 очкога эга бўлди. Шунингдек, 5-ўринга 252, 7-поғонадан жой олганларга 182 очко тақдим этилди.

– Мусобақада ғалаба қозонганимдан хурсандман, – дейди Х.Тўраев. – Тажрибали полвонлар билан баҳслашиш осон кечмади. Мураббийларимнинг тўғри кўрсатмалари, ғалабага бўлган интилишим менга олтин медални келтирди. Насиб қилса, Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиб, унда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қиламан.

Уч кун давом этган Тошкент Гран-присида терма жамоамиз 2 тадан олтин ва бронза ҳамда 3 та кумуш медални жамғарган ҳолда умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Турнирда Россия терма жамоаси 5 та олтин, 2 та кумуш медаль билан биринчи, 2 тадан олтин ва бронза медаль билан Австрия терма жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.

11.jpg

3-faqat saytga.jpg

5 359
Жавоҳир ТОШХЎАЖЕВ, ЎзА