ЎзА Ўзбек

08.01.2020 Чоп этиш версияси

Токиога Таиланд орқали ёхуд бугун U-23 Осиё чемпионатига старт берилди

Токиога Таиланд орқали ёхуд бугун U-23 Осиё чемпионатига старт берилди
2020 йил – олимпиада йили. Шу сабабли бутун дунё спортчилари айни пайтда тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига бериладиган йўлланмаларга эга чиқиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда.

Жорий йилги Олимпия саралаш мусобақаларига биринчи бўлиб футболчиларимиз киришади. Бугун Таиланд давлатида бошланган U-23 Осиё чемпионати бир вақтнинг ўзида Токио-2020 олимпиадасига саралаш вазифасини ҳам ўтаб беради. Бу эса мусобақага бўлган қизиқишни оширмоқда. Таиланд яшил майдонларида совринли учта ўринни эгаллаган терма жамоалар XXXII ёзги Олимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Агарда ана шу омадли жамоалар қаторидан Токио – 2020 олимпиадаси мезбони Япония ҳам ўрин олса, у ҳолда ярим финалнинг тўртинчи вакилига ҳам кунчиқар юртда ўтказиладиган тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт анжуманига чипта насиб этади.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бўлажак мусобақага қизғин тайёргарлик кўрди. Футболчиларимиз ушбу қитъа биринчилигига тайёргарликни анча олдин бошлаган эди. Ўша биз учун муваффақиятли якунланган 2018 йилги U-23 Осиё чемпионатида ҳам ҳозирги жамоа таркибида етакчи футболчиларга айланган тўрт нафар чарм тўп устаси иштирок этганди. Улар орттирган бой тажриба эса бизга бу сафар Таиланд яшил майдонларида қўл келса не ажаб!

2018 йили Индонезияда ўтказилган Осиё ўйинларида футбол бўйича терма жамоамиз омадсизликка учрагач, ўша даврдаги ЎФА раҳбарияти олимпиячилар бошқарувига хориждан малакали мутахассис олиб келишга қарор қилди. Ва натижада ассоциация раҳбарияти 2019 йилнинг бошида сербиялик Любинко Друлович билан келишувга эришди. Ушбу мутахассис Сербия U-19 терма жамоасини 2013 йилги Европа чемпионатида ғолибликка етаклаган ва ёшлар билан ишлаш борасида ўзига хос тажрибага эга.

Ўтган бир йил давомида ёшларимиз Друлович бошчилигида кўплаб хориж йиғинларида ва кучли рақибларга қарши спарринг-ўйинларда иштирок этди. Жамоа кўп ўйинларда ютди, гоҳида ютқазди ҳам. Бироқ, тайёргарлик жараёнида бу унчалик муҳим аҳамият касб этмайди. Асосийси, жамоанинг ўйин услубини шакллантириш. Бунга Друлович қай даражада эриша олди, буни энди Таиландда бошланган U-23 Осиё чемпионати кўрсатиб беради...

Шу ўринда мусобақа тарихига қисқача назар ташласак. 2012 йили Осиё футбол конфедерацияси Олимпия терма жамоалари учун алоҳида мусобақа ташкил этишга қарор қилди ва 2013 йили 22 ёшгача бўлган футболчилар қитъа чемпионини аниқлаш учун Оман давлатига тўпланишди. Илк мусобақага терма жамоани Шуҳрат Мақсудов олиб борди, бироқ вакилларимиз гуруҳ босқичидаёқ курашни тўхтатди. Бир ғалаба, икки мағлубият ва гуруҳда 3-ўрин.

Кейинги мусобақа эса орадан уч йил ўтиб Қатарда ташкил этилди. Бу галги баҳслар бир вақтнинг ўзида Рио олимпиадасига саралаш вазифасини ўтаб берди. Мазкур мусобақага олимпиячиларимиз Самвел Бабаян бошчилигида йўл олди. Мақсад жиддий, вазифа эса Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритиш эди. Жамоадаги салоҳият яхши ва Рио-2016 орзуси биз учун хомхаёл эмасди. Аммо, энг муҳим паллада мураббийларимизнинг тажрибасизлиги панд берди ва олимпиада орзуси яна тўрт йил ортга сурилди. Бу сафар ҳам гуруҳ баҳсларида икки мағлубият ва бир ғалаба, якунда гуруҳда 3-ўрин.

2018 йилги U-23 Осиё чемпионати илк маротаба шарқий Осиёга кўчди. Хитой давлати мезбонлик қилган мусобақа эса Равшан Ҳайдаров бошқарувига ўтган олимпиячиларимиз учун муваффақиятли келганидан хабарингиз бор. Илк ўйинда қатарлик тенгқурларига имкониятни бой берган ёшларимиз кейинчалик ўзларини қўлга ола билишди ва кетма-кет ғалабаларга эришиб, бош совринни Ўзбекистонга олиб келди. Ўша қорли майдонда Вьетнам устидан қозонилган ажойиб ғалабани ҳали-ҳамон мухлисларимиз унутишгани йўқ.

Бу сафар U-23 Осиё чемпионатини мухлису-мутахассисларимиз интиқлик билан кутишди. Негаки, Таиланддаги мусобақада ўртага Токио –2020 йўлланмаси тикилган. Боз устига,сўнгги йилларда қитъамиз футболида пешқадамга айланган Япония олимпиячилари бу мусобақада гуёки конкурсдан ташқари қатнашади. Яъни улар қайд этган натижа инобатга олинмайди ва бу бизга қўшимча имконият тақдим этади. Футболчиларимиз вазиятни жуда яхши англаб туришибди ва улар қитъа биринчилигида бор маҳоратини ишга солиб, юртдошларимизни хушнуд этишларига ишонгимиз келмоқда. Зеро, мусобақа олдидан БААда ташкил этилган йиғин ва унда қайд этилган натижалар олимпиячиларимизга бўлган ишонч ҳиссини оширди. Айниқса, 3 январь куни Таиландда Қатар олимпия терма жамоаси устидан қозонилган ажойиб ғалаба (Ўзбекистон U-23 – Қатар U-23 — 3:1) футболчиларимизнинг салоҳиятлари юқори эканини кўрсатди. Умид қиламизки, бу сафар футболчиларимиз ниҳоят Олимпия ўйинлари йўлланмасига сазовор бўлишади. Бу йўлда уларга омад тилаймиз.

U-23 Осиё чемпионати

“C” гуруҳи

1-тур

Ўзбекистон – Эрон

9 январь, соат 15:15. “Тинсуланон” стадиони, Сонгхла

2-тур

Хитой – Ўзбекистон

12 январь, соат 18:15. “Тинсуланон” стадиони, Сонгхла

3-тур

Ўзбекистон – Жанубий Корея

15 январь, соат 15:15. “Таммасат” стадиони, Патум Тани

3 476
Отабек ЭШМАМАТОВ, ЎзА