ЎзА Ўзбек

24.07.2019 Чоп этиш версияси

Токио олимпиадасининг медаллари тақдим этилди

Токио олимпиадасининг медаллари тақдим этилди

Хабар берганимиздек, бугун Токио-2020 олимпиадаси бошланишига роппа-роса бир йил вақт қолди. Шу муносабат билан Япония пойтахтида ушбу санага бағишлаб катта тадбир ташкил этилди, деб хабар беради МОҚ расмий сайти.

Унда олимпиада ўйинлари ташкилотчилари бўлажак мусобақага қандай тайёргарлик кўрилаётгани, амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтишди. Фахрий меҳмонлар қаторида Токиога ташриф буюрган Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ҳам ташкилий қўмитанинг тайёргарлигини юқори баҳолади.

Шунингдек, тадбир давомида Токио-2020 олимпиадаси медалларининг тақдимоти ҳам ўтказилди.

photo5316839324408457904.jpg

Олимпия ўйинларининг медаллари бир қарашда сайқалланиб нур таратаётган тошни эслатади. Ташкилотчилар маълум қилишича, уларнинг дизайни спортда рақобатлашаётган, жўшиб ишлаётган одамларни ифодалайди. Таралаётган нур эса бир-бирларининг қўлларини ушлаб турган бутун дунё одамлари ва уларда акс этган илиқ дўстликни англатади.

Медалларнинг диаметри 85 мм.ни ташкил қилиб, олтин медалнинг вазни 556 грамм, кумуш медаль 550 грамм ҳамда бронза медали 450 граммдан иборат.

Токио олимпиадасининг олтин медали соф олтиндан ясалмаган, уни тайёрлаш учун кумуш медалнинг устига 6 грамм олтин эритмаси қуйилади. Кумуш медаль соф кумушдан, бронза медали эса мис ва рух моддалари қўшилмасидан тайёрланади.

Медалларнинг дизайни япониялик Жуничи Каваниши томонидан ишлаб чиқилган.

6 943
ЎзА