ЎзА Ўзбек

05.09.2019 Чоп этиш версияси

Токио олимпиадасига Самарқанддан қанча спортчи боради?

Токио олимпиадасига Самарқанддан қанча спортчи боради?

Кеча ўтказилган жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик ҳолати қониқарли эмаслиги, қатор спорт федерациялари ва ҳокимликлар юқори натижаларни таъминлайдиган спортчиларга шароит яратишга етарлича эътибор бермаётганини қайд этди.

Хўш, Самарқандда бу борада вазият қандай? Вилоят спортчилари орасидан Токио олимпиадасига йўлланма оладиганлар кўпчиликми?

– 2016 йилда Бразилия пойтахти Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида вилоятимиздан беш нафар спортчи иштирок этган эди, – дейди Самарқанд вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев. – Олимпиячиларимиз юқори натижа қайд этолмаган бўлса-да паралимпия ўйинлари қатнашчилари – дзюдочи Ўткир Негматов олтин медаль, енгил атлетикачи Мансур Абдурашидов эса бронза медали билан юртимизга қайтганди. Ана шу мусобақалардан хулоса қилган ҳолда Токиода бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида самарқандлик спортчиларнинг муносиб иштирок этиши учун тайёргарликни анча олдин бошлаганмиз.

Олимпия ва паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш имкониятига эга бўлган 36 нафар спортчилар аниқланиб, уларнинг машғулотлар ва халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Ҳар бир спортчи учун мураббийдан ташқари масъуллар белгиланди.

Спорт федерациялари ишини янада такомиллаштириш ва спорт базалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилди. Олимпиада ўйинлари йўлланмаси учун кечадиган беллашувларга тайёргарлик юзасидан кўплаб мусобақалар ўтказилди.

Йил бошидан буён ушбу мақсад учун спорт федерацияларига 2 миллиард 275 миллион сўм маблағ ажратилди.

Жорий йилнинг саккиз ойида спортчиларимиз ёзги олимпия ўйинларига киритилган 17 та спорт тури бўйича нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиб, 30 та олтин, 28 та кумуш, 44 та бронза медалларни қўлга киритди. Шунингдек, ноябрь ойигача спортнинг 9 тури бўйича вилоятимиз спортчилари мамлакатимиз терма жамоаси таркибида жаҳон биринчиликларида иштирок этиб, керакли рейтинг балларини тўплаши кутилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, самарқандлик спортчиларнинг 13 нафарида Олимпия ўйинларига йўлланма олиш имконияти юқори баҳоланмоқда.

Олимпия ва паралимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритадиган спортчилар ҳамда уларнинг мураббийларини рағбатлантириш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан пул мукофотлари ажратилган. Спортчилар ва мураббийлар бундан хабардор ҳолда халқаро мусобақаларда фаол иштирок этиб, кўпроқ рейтинг баллари тўплашга ҳаракат қилишмоқда.

Албатта, катта спорт сари йўл энг қуйи тизимдан – мактаб ва маҳаллалардаги спорт иншоотларидан, жойлардаги спорт мактабларидан, аҳолини оммавий спортга жалб этишдан бошланади.

Ана шу мезондан келиб чиқиб, вилоятда спортнинг оммавийлигини ошириш, аҳолининг кенг қатлами, хусусан, ёшлар ва хотин-қизларни спортга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Йил бошидан буён вилоятда 1261 та оммавий спорт тадбирлари ташкил этилиб, уларда 247 мингдан ортиқ иштирокчи, жумладан, 98 минг нафар қизлар қамраб олинган. Лекин бу кўрсаткични яна ҳам ошириш имконияти мавжуд.

Яна бир жиҳат, айни пайтда вилоятдаги 1200 дан ортиқ умумтаълим мактабларининг 400 тасида спорт зали йўқ. Шунингдек, мактабларда жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ва спорт мактаблари учун мураббийлар етишмайди. Фаолият кўрсатаётган ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳам кўпчилиги ўрта-махсус маълумотли. 2019-2020 ўқув йилида юртимиздаги олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ва спорт йўналиши ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети битирувчиларидан 157 нафарини тренер сифатида вилоятдаги спорт мактабларига жалб қилиниши яхши албатта. Лекин бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш, соҳага доимий эътибор қаратиш лозим.

Президентимизнинг шу каби муаммолар ечими юзасидан ўртага ташлаган ташаббуслари ва мутасаддиларга берилган топшириқлар тез орада ўз самарасини бериши шубҳасиз.

6 209
Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА