ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Токио-2020: Оксана Чусовитина саккизинчи олимпиадасида иштирок этади

Токио-2020: Оксана Чусовитина саккизинчи олимпиадасида иштирок этади

Айни кунларда Германиянинг Штутгарт шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича жаҳон чемпионати баҳслари бўлиб ўтмоқда.

Унда ўзбекистонлик гимнастлар ҳам ўз омадларини синаб кўришяпти. Қувонарлиси, мусобақада нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон спорт гимнастикасининг ҳақиқий афсонасига айланиб улгурган Оксана Чусовитина яна бир карра ўз сўзини айтди. Жаҳон чемпионати якунига кўра ҳамюртимиз 12-ўринни эгаллади ва бу натижа унга Токио-2020 Олимпиадаси лицензиясини тақдим этди.

Регламентга кўра, Хитой, Япония, Россия ва АҚШ давлатлари атлетларидан ташқари қолган барча мамлакатлар спортчилари жаҳон чемпионатида кучли 24таликдан жой олишса келгуси йил Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани нақд қилишарди. Юқорида санаб ўтилган давлатлар спортчилари эса олимпиада лийенциясига эга бўлишлари учун кучли учликка киришлари талаб этилади.

Бунга сабаб, бугунги кунда Хитой, Япония, Россия ҳамда АҚШ терма жамоалари спорт гимнастикасида қолган юрт спортчиларидан анчагина илгарилаб кетишган ва мазкур қарор бошқа давлатлар атлетларига ҳам имконият тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, 44 ёшли Оксана Чусовитина бунгача Барселона-1992, Атланта-1996, Сидней-2000, Афина-2004, Пекин-2008, Лондон-2012 ҳамда Рио-2016 олимпиадаларида ҳам иштирок этган. Жумладан, у 1992 йилги Барселона олимпиадаси ғолиби саналади. Демак, Токио-2020 олимпиадаси ҳамюртимиз учун саккизинчи Олимпия ўйинлари ҳисобланади. Бу вақтда спортчимиз 45 ёшга қадам қўйган бўлади.

5 413
ЎзА