ЎзА Ўзбек

13.10.2015 17:53 Чоп этиш версияси

Тинимсиз меҳнат – муваффақият калити

Тинимсиз меҳнат – муваффақият калити Спортга меҳр қўйган қизлар соғлом, руҳи тетик, иродаси мустаҳкам, келажакда ҳаётнинг турли синовларини енгиб ўтишга қодир бўлиб вояга етади. Қизларнинг спорт билан шуғулланиши уларнинг нафақат саломатлигида, айни пайтда қадди-қомати тўғри шаклланишида, маънавий камолотида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Таэквондо бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзоси Нигора Турсунқулова болалигидан спорт билан мунтазам шуғулланиб келади. У 2010 йили таэквондо (WTF) бўйича Тошкент шаҳар чемпионатида биринчиликни эгаллади. 2011-2012 йилларда Ўзбекистон чемпиони бўлди ва шу йили мамлакатимиз ўсмирлар терма жамоаси сафига қабул қилинди.

Терма жамоа мураббийи Абдувоҳид Раҳимовдан спорт сирларини қунт билан эгаллаган Нигора 2013 йили Германияда ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган халқаро мусобақада совринли ўринни қўлга кирита олмаган бўлса-да, руҳан синмади, ўз устидан тинимсиз ишлади. У ўз олдига жиддий мақсадлар қўйди ва ўша йилнинг ўзида 14 ёшли спортчимиз Жанубий Корея очиқ чемпионатида олтин медалга эга бўлди. Ушбу ғалабаси билан Нигора барча рақибларига Ўзбекистон фарзандлари ҳеч кимдан, ҳеч қачон кам бўлмаслигини исботлади.

– Нигора илк маротаба машғулотга келган кунни яхши эслайман, – дейди мураббийи Дмитрий Хван. – Ўшанда у машқларни тўғри бажаришга ҳаракат қилаётгани, мазкур спорт турига бўлган қизиқиши ва кўзларидаги иштиёқини кўриб, келгусида истеъдодли спортчи бўлиб етишишига ишонган эдим.

Нигора 2014 йили Хитой Тайпейида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этди. Истеъдодли спортчимиз учун жорий йилги мавсум ҳам муваффақиятли бўлмоқда. Хитой Тайпейи мезбонлик қилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлди. Ўзбекистон кубогида олтин медаль билан тақдирланди.

– Мамлакатимизда биз, ёшларнинг ўзимиз қизиққан спорт тури билан мунтазам шуғулланишимиз учун барча имкониятлар яратилган, – дейди Нигора. – Мақсадим – Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатлари ҳамда Олимпия ўйинларида ғолиб бўлиб, юртимиз довруғини жаҳонга таратишдир.

– Қизим спорт билан шуғулланганидан хурсандман, – дейди Нигоранинг онаси Шаҳноза Шодмонқулова. – Халқаро мусобақаларда ғалаба қозонганида фахрланиб кетаман, кўзларимда қувонч ёшлари қалқийди. Унинг мана шундай катта натижаларга эришаётгани Президентимиз раҳнамолигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор натижасидир.

Мамлакатимизнинг кўп карра чемпиони Нигора Турсунқулова айни кунларда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида мураббия Наталья Маматова қўл остида маҳоратини оширмоқда. Спортчимиз келгусида таэквондо оламининг янги-янги чўққиларини забт этишга астойдил тайёргарлик кўрмоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
6 563