ЎзА Ўзбек

10.02.2019 16:12 Чоп этиш версияси

Термизда умидли каратэчилар сараланди

Термизда умидли каратэчилар сараланди

Бугун мамлакатимизда спортнинг каратэ тури тобора оммалашиб бормоқда. Айниқса, ушбу спорт турининг Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритилиши каратэга бўлган қизиқишни ошириб юборди. Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси ҳам кунчиқар юртда бўладиган тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида муносиб иштирок этиш мақсадида машғулотларга зўр бермоқда.

Шу билан бирга федерация ишчи гуруҳи жойларда ўтказилаётган мусобақалар орқали ёш ва иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда уларга халқаро ареналар сари йўл очишга ҳам жиддий эътибор бермоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси ишчи гуруҳи Сурхондарё вилоят каратэ Миллий федерацияси билан ҳамкорликда болалар ва ўсмирлар ўртасида вилоят чемпионатини ўтказди. Термиз шаҳрида ўтказилган мусобақада вилоятнинг барча туманларидан умидли ёшлар ғолиблик учун татамига чиқишди.

photo_2019-02-10_15-13-48.jpg

Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларда ўз вазн тоифаларида Азиза Алиқулова, Рухшона Поёнова, Юлдуз Алиқулова, Самандар Сафаров, Меҳриддин Тўрахонов сингари умидли ёшлар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилишди. Ажаб эмаски, бу спортчилар Ўзбекистон каратэ WKF терма жамоасининг яқин келажакдаги аъзоларига айланишса.

Дарвоқе, мусобақа доирасида Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси томонидан ҳакамлар учун ҳам семинар ташкил этилди. Бу бежиз эмас, зеро қитъа ва жаҳон чемпионатлари каби нуфузли мусобақаларда спортчилар билан бирга ҳакамлар ҳам юртимиз шарафини ҳимоя қилишади. Бунга Равшан Эрматовнинг футбол оламида эришаётган муваффақиятлари ёрқин мисол бўлади. Шу боис ҳам Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси спортчилар билан бирга халқаро майдонларда Ўзбекистоннинг юзини ерга қаратмайдиган ҳакамларни тарбиялашга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

photo_2019-02-10_15-13-51.jpg

photo_2019-02-10_15-13-54.jpg

photo_2019-02-10_15-13-56.jpg

photo_2019-02-10_15-13-59.jpg

ЎзА​
8 017