ЎзА Ўзбек

22.08.2018 17:06 Чоп этиш версияси

Теннисчиларимиз ғолибона одимламоқда

Теннисчиларимиз ғолибона одимламоқда
Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида давом этаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларининг теннис мусобақаларида ҳам кучлилар сараланмоқда. Қувонарлиси, эркаклар ўртасидаги шахсий биринчиликда икки нафар спортчимиз, мусобақанинг биринчи тартиб рақамли теннисчиси Денис Истомин ҳамда ёш, умидли спортчимиз Жўрабек Каримовлар чорак финалга йўл олди. 

Тажрибали Денис Истомин ушбу босқичда хитойлик Чжан Чиженга қарши кортга тушди. Кутилганидек учрашув ҳамюртимизнинг устунлигида ўтиб, 6:4, 6:3 ҳисоблари қайд этилди. Жўрабек Каримовга эса нимчорак финалда ҳиндистонлик анча номдор теннисчи Рамантан Рамкумар рўбарў келди. Таъкидлаш керак, ҳинд спортчиси дунё тасниф жадвалида 111-ўринни эгаллаб турган бўлса, Жўрабек 491-поғонадан жой олган эди. Бироқ, улар ўртасидаги тўқнашувда ҳамюртимизнинг ғалабага бўлган кучли иштиёқи ҳал қилувчи омил бўлди. 

Биринчи сетни Жўрабек 6:3 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди. Аммо, иккинчи сетда Рамкумар 6:4 ҳисобида ғалаба қозониб, вазиятни ўнглашга муваффақ бўлди. Ҳал қилувчи учинчи сетда яна Жўрабек ўйин тизгинини ўз қўлига олиб, бу сафар ҳам рақибини 6:3 ҳисобида мағлуб этди. Шу тариқа ҳар икки теннисчимиз кучли саккизликдан жой олди. Чорак финалда Денис Истомин қозоғистонлик Александр Бубликка қарши кортга тушса, Жўрабек Каримов хитойлик умидли теннисчи Ву Йибинг билан куч синашади. Умид қиламизки, вакилларимиз финалгача ғолибона юришини давом эттиради ва ҳал қилувчи баҳсда ўзбекча финалга гувоҳ бўламиз.

ЎзА
5 552