ЎзА Ўзбек

16.05.2019 Чоп этиш версияси

Теннисчиларимиз муваффақиятли одимламоқда

Теннисчиларимиз муваффақиятли одимламоқда

Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида Халқаро теннис федерацияси томонидан ўсмирлар ўртасида ўтаётган турнирда вакилларимиз яккалик ва жуфтлик баҳсларида муносиб иштирок этмоқда.

Мусобақанинг иккинчи даврасида ҳамюртимиз Саид Акбаров россиялик Богдан Селезневни 7:6, 6:1 ҳисобида мағлубиятга учратган бўлса, Максим Шин яна бир рус теннисчиси Давид Миннивалиевни 5:7, 6:4, 6:4 ҳисобида енгди.

Истеъдодли теннисчимиз Самандар Абдумаликовга қарши кортга чиққан польшалик Ян Вайдемаер дастлабки сетда 7:6 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва иккинчи сетни давом эттиришдан бош тортди. Шунингдек, Азиз Дадабоев россиялик Яков Жорнист устидан 6:2, 2:1 ҳисобида устун келаётган бир вазиятда рақиби мағлубиятини тан олди.

Жуфтликлар ўртасида иштирок этган А.Дадабоев ва британиялик Данил Веб тандеми ярим финал босқичида С.Абдумаликов ва М.Шин дуэтига қарши кортга чиқадиган бўлди. С.Акбаров ҳамда Б.Расаматов жуфтлиги эса россиялик Артём Герасимчук ва латвиялик Эдвард Теодорс Липинсни синовдан ўтказади.

Қизлар ўртасидаги яккалик баҳсларининг иккинчи даврасида Ангелина Фольц қозоғистонлик Дарья Елфимовани 7:6, 6:1 ҳисобида енгган бўлса, Сетора Нормуродова россиялик Элизабета Стронгинани 6:2, 6:4 ҳисобида таслим қилди. Шу тариқа чорак финал босқичига йўл олган Сетора ва Ангелина навбатдаги босқичга чиқиш учун ўзаро рақобатлашадиган бўлди.

Жуфтликлар ўртасида эса ёш теннисчиларимиз Ф.Маримова ҳамда Д.Корнилова, С.Нормуродова ва россиялик Д.Янотовская ярим финалга йўл олди.

2 527
Ж.ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА