Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.09.2017 15:37 Чоп этиш версияси

Теннисчиларимиз мусобақага тайёр

Республика олимпия захиралари теннис мактаби кортларида 25-30 сентябрь кунлари Халқаро хотин-қизлар теннис уюшмаси (WTA) таснифига кирувчи "Тошкент опен – 2017" халқаро турнири ўтказилади.

Мамлакатимизда теннисни ривожлантириш, уни аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган ушбу спорт тури навқирон авлодни жисмонан соғлом, маънан етук этиб тарбиялаш билан бирга халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир теннисчиларни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

"Тошкент опен" анъанавий халқаро турнири кўплаб истеъдодли теннисчиларни кашф этган нуфузли мусобақалардан ҳисобланади. Франциялик Мэрион Бартоли, Полин Парментье, Виржиния Раззано, Эмилиа Луа, чехиялик Николь Вайдишова, россиялик Елена Дементьева, Динара Сафина, Мария Кириленко, Алла Кудрявцева, италиялик Франческа Скьявоне, Татьяна Гарбин, словакиялик Магдалена Рибарикова, ҳиндистонлик Сания Мирза, хитойлик Ли На, америкалик Меган Шонесси, исроиллик Шахар Пеер, беларуслик Виктория Азаренко, германиялик Сабин Лисицки сингари дунёга машҳур спортчилар ўз вақтида "Тошкент опен" турниридан катта теннисга қадам қўйган.

Ўн тўққизинчи маротаба ўтказиладиган "Тошкент опен – 2017" халқаро турнирида йигирмадан зиёд давлатдан юздан ортиқ ракетка устаси қатнашади.

Бу йилги мусобақада чехиялик Кристина Плишкова, швециялик Юханна Ларссон, россиялик Евгения Родина, Виталия Дьяченко, франциялик Полин Парментье, сербиялик Александра Крунич, япониялик Нао Хибино, Куруми Нара, украиналик Катерина Бондаренко, Катерина Козлова, руминиялик Ирина-Камелия Бегу, швейцариялик Штефани Фёгеле каби қатор тажрибали теннисчилар бош соврин учун баҳс олиб боради.

Мазкур нуфузли мусобақада мамлакатимиз шарафини Нигина Абдураимова, Сабина Шарипова, Оқгул Омонмуродова каби маҳоратли теннисчиларимиз ҳимоя қилади.

– "Тошкент опен – 2017" мусобақасига қизғин тайёргарлик кўрдик, – дейди С.Шарипова. – Мазкур турнирда иштирок этадиган теннисчиларни яхши биламиз, улар билан WTA ва ITF мусобақаларида баҳслашганмиз ва ўйинларини кузатганмиз. Ўйлайманки, турнирда муваффақиятли иштирок этамиз. Бунинг учун барча имкониятлар етарли.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
2 263






Все о погоде - Pogoda.uz