ЎзА Ўзбек

28.11.2019 Чоп этиш версияси

Теннисчиларимиз бош совринга асосий даъвогар

Теннисчиларимиз бош совринга асосий даъвогар

Қозоғистонда Халқаро теннис федерацияси томонидан ўсмирлар ўртасида “G5“ туркумига кирувчи “Aktobe Open” турнири ўтказилмоқда.

Мазкур мусобақада иштирок этаётган теннисчиларимиз яккалик ва жуфтлик баҳсларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.

Турнирнинг яккалик баҳсларида Азиз Дадабоев франциялик Антонио Ренардни 6:2, 4:6, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратган бўлса, Абдураҳмон Саидмуҳамедов қозоғистонлик Никита Сидоровни 6:4, 6:0 ҳисобида таслим қилди.

Шу тариқа, чорак финалга йўл олган А.Дадабоев россиялик Венедикт Тсирикидзе, А.Саидмуҳамедов эса бошқа бир рус теннисчиси Владислав Гаврилов билан куч синашадиган бўлди.

Жуфтлик баҳсларининг чорак финалида Саил Акбаров ва Абдураҳмон Саидмуҳамедов тандеми мезбон теннисчилари Арслонбек Аитқулов ва Артур Хайирутдиновни 7:6, 6:3 ҳисобида енгди ва навбатдаги босқичда россиялик Григорий Гордеев ва қозоғистонлик Данил Озерной билан баҳслашади.

Шунингдек, ушбу босқичда Самандар Абдумаликов ва Азиз Дадабоев чорак финал босқичидан муваффақиятли ўтиб, ярим финалда қозоғистонлик Одил Каракаев ва Никита Сидоров билан ўйнайди.

Таиланднинг Нонтабури шаҳрида теннис бўйича аёллар ўртасида Халқаро теннис федерацияси томонидан ташкил этилган мусобақада ҳамюртимиз Нигина Абдураимова чорак финалга чиқди.

Яккалик баҳсларининг биринчи даврасида Нигина япониялик Аяка Окунони 6:1, 6:3, иккинчи даврада америкалик Тира Блекни 6:2, 7:6 ҳисобида мағлубиятга учратди. Энди Н.Абдураимова нуфузли мусобақанинг ярим финал йўлланмасини қўлга киритиш учун хитойлик Миеки Жоуга қарши кортга тушади.

1 883
Ж.ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА