ЎзА Ўзбек

21.05.2020 Чоп этиш версияси

Теннисчиларга ёрдам пули берилади

Теннисчиларга ёрдам пули берилади
Профессионал теннисчилар уюшмаси (ATP), Хотин-қизлар теннис уюшмаси (WTA) ва Халқаро теннис федерацияси (ITF) пандемия сабабли рейтинги паст теннисчиларга молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича қарор қабул қилди.

ATP ва WTA яккаликлар ўртасида рейтинг 101-500, жуфтликда эса 51-175 ўринларни эгаллаб турган теннисчиларга молиявий ёрдам беради. Унга кўра, яккаликдаги эркак теннисчиларга 8650 АҚШ долларидан, жуфтликдаги ракетка усталарига 4330 АҚШ долларидан пул ажратади. Бироқ ўтган йили жами 250 минг АҚШ долларидан кўп ёки сўнгги тўрт йил ичида 1 миллион АҚШ долларидан кўп мукофот пулларини қўлга киритган ва дисквалификация қилинган теннисчиларга пул берилмайди. 

Хотин-қизлар ўртасида яккаликдаги ракетка усталарига 10 минг 400 АҚШ долларидан пул бериладиган бўлди. Ўтган йилда 350 минг АҚШ доллари, сўнгги тўрт йилда 1,4 миллион ва бутун фаолияти давомида 3,5 миллиондан ортиқ пул топган теннис маликаларига молиявий кўмак берилмаслиги таъкидланди. Жуфтлик йўналишидаги спортчиларга қанча пул берилиши ошкор қилинмади.

ITF эса рейтингнинг 501-700 ўрнида турган теннисчиларга ёрдам кўрсатади. Уларга қанчадан пул берилиши 2 июнь куни ойдинлашади.

Ушбу қарорга кўра, Денис Истомин, Ҳумоюн Султонов, Санжар Файзиев, Сабина Шарипова ва Оқгул Омонмуродова ёрдам пулини олиши кутилмоқда.



4 308
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА