Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.08.2018 12:21 Чоп этиш версияси

ТЕННИС. Жўрабек Каримов иккинчи даврага чиқди

ТЕННИС. Жўрабек Каримов иккинчи даврага чиқди
Беларусда ўтказилаётган “Фьючерс“ туркумига кирувчи мусобақада ҳамюртимиз Жўрабек Каримов иккинчи даврага чиқди.

Турнирнинг учинчи рақамли теннисчиси сифатида иштирокини бошлаган Жўрабек Каримов латвиялик Артурс Лаздиньшни 6:4, 6:3 ҳисобида мағлубиятга учратди ва навбатдаги босқичда туркиялик Шарп Агабигунга қарши ўйин ўтказадиган бўлди.

Мазкур мусобақанинг жуфтлик баҳсларида истеъдодли теннисчимиз Шониғматжон Шофайзиев россиялик Ян Бондаревский билан бирга мезбон теннисчилари – Александр Булитски ва Александр Прудникау устидан 6:4, 6:3 ҳисобида ғалаба қозонди.

* * *

Фарғона шаҳрида Халқаро теннис федерацияси томонидан ўсмирлар ва қизлар ўртасида ўтказилаётган “Fergana cup“ турнирида биринчи давра баҳслари якунланди.

Яккалик баҳсларда икки теннисчимиз – Сергей Фомин ва Искандар Каримов ўзаро рақобатлашди. Унда Сергей 6:3, 7:5 ҳисобида зафар қучди. Сардор Эргашев америкалик Андрев Переверзевни 7:6, 7:5 ҳисобида мағлуб қилган бўлса, Марк Трякшин тунислик Закария Бен Браҳимни ҳар иккала сетда бир хил – 6:2 ҳисобида енгди.

Умидли теннисчиларимиздан Олимжон Набиев, Азиз Дадабоев, Тимур Соттимов, Одил Каримов, Максим Шин илк босқичда мағлубиятга учради.

Қизлар ўртасидаги биринчи давра баҳсларида Ясмина Каримжонова россиялик Екатерина Бремелни 6:0, 6:1, Милана Масленкова ёш теннисчимиз Кристина Вергазовани 6:2, 6:2, Олеся Ким тожикистонлик Анастасия Турсуновани 6:1, 6:3 ҳисобида мағлуб этди.

Мусобақанинг жуфтлик баҳсларида Бекзод Расаматов ва Иброҳимжон Ўринов тандеми чорак финалга чиқди. Шунингдек, илк босқичда Одил Каримов ва канадалик Глеб Блекер, Сардор Эргашев ва тунислик Закария Бен Браҳим жуфтликлари ғалаба қозонди.

Ж.Тошхўжаев, ЎзА