Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.07.2018 12:15 Чоп этиш версияси

ТЕННИС: спортчиларимиз халқаро кортларда

ТЕННИС: спортчиларимиз халқаро кортларда
Мамлакатимизнинг аёл теннисчилари орасида етакчилардан ҳисобланган Оқгул Омонмуродова Италия пойтахти Рим шаҳрида ўтказилаётган, соврин жамғармаси 60 минг АҚШ доллари бўлган халқаро турнирнинг саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган эди. 

Ҳамюртимизнинг илк даврадаги рақибаси италиялик Клаудио Жиовайн кортга чиқмаганлиги боис Оқгул осонлик билан иккинчи даврага йўл олганди. Афсуски, у иккинчи босқичда яна бир мезбон теннисчи Мартина Спигареллига 2:6, 2:6 ҳисобида ютқазиб қўйди. 

Бугун Омонмуродова мусобақанинг жуфтлик баҳсларида иштирокини давом эттиради. 

Оқгул жуфтликда россиялик Анастасия Потапова билан бирга турнирнинг иккинчи сараланган жуфтлиги – словакиялик Микаэла Хонкова ҳамда испаниялик Силвия Солер-Эспинозага қарши кортга чиқишади.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин "Улкан тож" туркумидаги "Уимблдон" мусобақасининг илк даврасида кортга чиқди. Австралиялик Ник Кирьосга қарши 2 соату 37 дақиқа давом этган ўйинда ҳамюртимиз 6:7(3), 6:7(4), 7:6 (5), 3:6 ҳисобларида имкониятни бой бериб қўйди.

Ойбек Юнусов

ЎзА
6 326