ЎзА Ўзбек

06.06.2018 12:14:38 Чоп этиш версияси

ТЕННИС: Наманган турнирини Сабина Шарипова ғалаба билан бошлади.

Мамлакатимиз бўйлаб теннис бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида мукофот жамғармаси 25 минг АҚШ долларини ташкил қилувчи “Фьючерс” турнири давом этмоқда.

Халқаро теннис федерацияси томонидан ташкил этилган мусобақанинг Андижонда ўтган турнирида Санжар Файзиев ва Сабина Шарипова бош соврин соҳибига айланишганди. 
Наманганда старт олган мусобақада ҳам ҳамюртларимиз шоҳсупани кўзлаган ҳолда ҳаракат қилишяпти.

photo5240033678384539916.jpg

Наманган шаҳридаги “Дўстлик” кортларида ўтаётган мусобақада ҳамюртларимиздан асосий тўрда тўғридан-тўғри қатнашиш ҳуқуқини Сабина Шарипова, Нигина Абдураимова, Арина Фолц, Валентина Шлейн ҳамда Сетора Нормуродова қўлга киритишди. Сабина, Нигина ва Арина ўз рейтинг ўринлари билан бунга эришишган бўлса, Валентина ва Сеторага ташкилотчилар имтиёзли йўлланма тақдим этишди. 

Асосий тўрга ташланган қуръага кўра, турнирнинг биринчи ракеткаси сифатида қайд этилган ҳамюртимиз Сабина Шарипова илк даврада россиялик Анастасия Фроловага қарши кортга чиқди ва ўз иштирокини ғалаба билан бошлади. Мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси уч сет давом этган баҳсда рақибасини 2:6, 6:4, 6:2 ҳисобида мағлуб этди. Энди Сабина чорак финал чиптаси учун яна бир россиялик теннисчи Екатерина Вишневскаяга қарши кортга чиқади. Вишневская илк даврада беларуслик Илона Кремендан 6:2, 6:3 ҳисобида устун келган. 

Имтиёзли йўлланма асосида асосий тўрга қўйилган Арина Фольц яна бир рус теннисчиси, турнирнинг саккизинчи ракеткаси Анна Моргина билан тўқнаш келди ва афсуски, у омадсизликка учради –1:6, 0:6 ҳисобида мағлуб бўлди. 

Турнирда тўртинчи рақам остида таснифланган Нигина Абдураимова илк давра учрашувида ғалабага эришди. Нигина биринчи босқич баҳсида саралаш мусобақаси ғолибаларидан бири, қирғизистонлик Ксения Палкинадан 6:0, 6:2 ҳисобида устун келди. 
Энди Нигина чорак финал чиптаси учун Гўзал Айнитдиновага қарши қарши кортга чиқади. Қозоғистонлик теннисчи биринчи босқичда ватандоши Екатерина Дмитриченкони 6:2, 6:1 ҳисобида мағлуб этган.

Эркаклар ўртасидаги баҳсларда Андижонда чемпионга айланган Санжар Файзиев Наманган “Фьючерс” турнирида ҳам ғолиблик учун асосий даъвогарлардан бири бўлиб турибди. Ҳамюртимиз қуръа ташлаш маросимидан сўнг мусобақада еттинчи рақам остида ҳаракат қилиши маълум бўлди. 

Андижондаги турнирнинг финалида Файзиевга имкониятни бой берган туркиялик Кэм Илкел Наманган “Фьючерс”нинг биринчи ракеткаси ҳисобланди. Беларуслик Дмитрий Жирмонт иккинчи рақам остида таснифланди. Мусобақанинг асосий тўрида Санжар Файзиевдан ташқари, ҳамюртларимиздан Ҳумоюн Султонов, Шонеъмат Шофайзиев, Азиз Дадабоев, Павел Цой, Иброҳим Ўринов ва Олимжон Набиевлар иштирок этишди.

Санжар дастлабки даврада ёш теннисчимиз Григорий Коробеников устидан ҳар иккала сетда бир хил – 6:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Энди у мусобақанинг иккинчи даврасида россиялик Михаил Фуфигинга қарши кортга чиқади.

Ҳамюртларимизнинг ўзаро баҳсларида қуйидаги натижалар қайд этилди: 

Ҳумоюн Султонов – Шоҳруҳ Абдумаликов – 6:0,6:0; 
Шаробиддин Абзалов – Иброҳим Уринов – 6:2, 6:1; 
Саидаъло Саидкаримов – Олимжон Набиев – 6:2, 6:0.

Ойбек Юнусов