ЎзА Ўзбек

20.02.2019 Чоп этиш версияси

“Темирйўлчилар” “Рома” билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда

“Темирйўлчилар” “Рома” билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда

Мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони “Локомотив” клуби ўз олдига юқори ўринларни қўйиш баробарида ҳар томонлама етакчи бўлишга ҳам интилмоқда. Шу мақсад йўлида клуб ўз инфратузилмаси, академия, маркетинг ва стадионда мухлисларга қулайлик яратиш бўйича ҳам самарали ишлар олиб бормоқда.

Куни кеча “Локомотив” профессионал футбол клуби бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов Италиянинг “Рома” клуби бош директори Мауро Балдиссони таклифига биноан клуб офисига ташриф буюрди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад – ҳозирда “Рома” футбол академиясига раҳбарлик қилаётган Франческо Тотти ва яқин кунларда қурилиши бошланадиган “Локомотив” футбол академияси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек “темирйўлчилар” сафида етишиб чиқаётган ёш, истеъдодли футболчиларни малака ошириш учун Римга юбориш, мураббийлар учун дастурлар ва амалий қўлланмаларни тақдим этиш, маркетинг соҳасини ривожлантириш, италияликлар тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш ҳисобланади.

photo5434129856150481619.jpg

Учрашув давомида Т.Акрамов аввало ўзбек футболи эришаётган ютуқлар, Профессионал футбол лигаси томонидан амалга оширилаётган ижобий ислоҳотлар ҳамда “Локомотив” жамоаси ҳақида маълумот берди. Римликлар бош директори Мауро Балдиссони ва клубнинг ривожланиш стратегияси бўйича директори Алекс Зекка “Рома” футбол клуби, академия, мухлислар билан ишлаш, маркетинг соҳалари ҳақида маълумот бериб ўтишди.

Балдиссони италияликлар Хитойда ва АҚШда қурилган “Рома” футбол академиялари тўғрисида фикр юритиб, Ўзбекистонда “Локомотив” билан ҳамкорликда ишлаш таклифи жуда ҳам фойдали эканлиги ҳамда Марказий Осиё футбол бозорига анчадан бери қизиқишаётганини таъкидлаб ўтди.

“Рома” клуби бош директори ҳамкорликнинг дастлабки босқичида “темирйўлчилар” мураббийлари ва бир нечта истеъдодли футболчиларни малака ошириш учун Италияга таклиф қилди. Шу билан бирга халқаро ҳомийларни жалб этиш, улар билан икки томонлама алоқаларни ривожлантириш борасида ўз таклифларини берди.

Ўзаро суҳбатдан сўнг “Локомотив” клуби раҳбарияти “Рома” футбол клуби уй стадиони, клуб базаси, расмий дўконлар фаолияти билан таништирилди. Жуда самарали ўтган учрашувда томонлар клублар ўртасида алоҳида стратегия бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олишди.​​

2 518
ЎзА