ЎзА Ўзбек

27.01.2019 22:39 Чоп этиш версияси

ТАРИХИЙ ҒАЛАБАНИ ХОТИРЛАБ...

ТАРИХИЙ ҒАЛАБАНИ ХОТИРЛАБ...

Бундан роппа-роса бир йил аввал, айни шу дамларда юртимиз байрам оғушида қолганди. Байрам сабабчилари эса Хитойда ўтказилган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида зафар туғини баланд кўтаришган юртимиз ўғлонлари бўлишганди...

2018 йил 28 январь, адашмасам ўша қишнинг энг қаҳратон, изғиринли туни эди. Шунга қарамай ўша тун нафақат пойтахтимизда, балки юртимизда ҳаёт қайнади. Кимдир қўлига катта байроқ кўтариб олган, қизиққон ёшларимиз эса юз-кўзларига Ватан рамзларини чизиб олишган, ҳамма хурсанд, ҳамма хушчақчақ...

4ca3eef5-256f-4c7a-b130-588f2884a130.jpg

ЮРАК АМРИ ИЛА...

Эҳтимол Янги йил оқшоми ана шундай совуқ тунга тўғри келса юртдошларимиз иссиқ ўринларини ташлаб, миллат қувончига шерик бўлиш учун кўчаларга чиқишмас, бироқ куррайи заминдаги энг катта қитъани мажозий маънода забт этган 23 ёшгача бўлган футболчиларимизни кутиб олиш учун 7 ёшдан (ҳатто ундан кичик ёшдаги болажонларни ҳам ота-оналари кўтариб олишганди) 70 ёшгача бўлган юртдошларимиз Тошкент кўчаларига чиқишганди. Кимдир довон ошиб, бошқаси эса узоқ йўл босиб Ислом Каримов номидаги Тошкент Халқаро аэропорти томон ошиқишарди. Буни ҳамма ихтиёрий, ўз хоҳишига кўра бажаришди. Қишнинг қаҳратон совуғи ҳам, йўлнинг олислиги ҳам уларни тўхтатиб қололмади. Бу эса ўзбек халқи футболни чин дилдан севишига ёрқин мисол эмасми?! Юртдошларимизга бундай қувончни ўша кезларда Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги ёшларимиз улашганди.

Орадан бир йил ўтди. Ўтган вақт оралиғида ана шу ёшлардан қайсиларидир янада ўсди, порлади, ҳатто миллий терма жамоада ҳам ўз ўрнини топишди. Аммо...

a0a79e58-343e-41b3-b7b1-1593a3a6044f.jpg

ЎЙИН УНУТИЛАДИ, НАТИЖА ҚОЛАДИ

Худди шу ёшлардан иборат терма жамоамиз Индонезияда ўтказилган XVIII ёзги Осиё ўйинларида ўз зиммаларидаги вазифани уддалай олишмади. Ваҳоланки улар олдига мусобақада ғолиб чиқиш вазифаси қўйилган эди. Бироқ,...

Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон футболчилари 1994 йил Хиросимада ўтказилган XII Осиё ўйинларида мустақил жамоа сифатида биринчи маротаба иштирок этишган бўлишига қарамай якунда юртимизга бош соврин билан қайтишганди. Чорак аср муқаддам бизни бутун Осиёга танитган финал ўйинида ҳамюртларимиз Хитой термасини 4-2 ҳисобида мағлуб этишганди. Ўша тарихий ғалабадан кўп ўтмай биринчи президентимиз Ислом Каримов расмий ташриф билан Хитой Халқ Республикасига боргани ва ўшанда Хитой ҳукумати раҳбари жаноб Цзян Цзэминь ўз Ватани спортчилари Хиросимада қўлга киритган барча медалларни Ўзбекистоннинг футболда сазовор бўлган ягона олтинига алмашишга розилигини билдиргани ҳамон ёдимда. Шу мисолнинг ўзиёқ Олимпия ёки Осиё ўйинларининг футбол мусобақаларида қозонилажак ғалаба нечоғлик қадрли эканидан дарак беради.

bff64761-5b6a-41d8-9393-42f130d63af9.jpg

XVIII ёзги Осиё ўйинларида 24 йиллик орзу-умидимиз армонлигича қолиб кетди. Тўғри, Индонезия яшил майдонларида вакилларимиз ёмон ўйин кўрсатишмади. Бироқ, чиройли ўйин учун соврин берилмайди, қолаверса спортда, хусусан футболда шундай ибора бор: “ҳар қандай чиройли ўйин ҳам унутилади, натижа қолади”. Шундай экан, Осиё ўйинларининг футбол турнирини биз қандай хотиралар билан эслаймиз?!

ҚАТАРДА БЕШТА, БИЗДАЧИ?!

Хитойдаги мусобақада биз билан битта гуруҳдан жой олишган, ўзаро ўйинда эса Равшан Ҳайдаров шогирдларини 1-0 ҳисобида мағлуб этган Қатар ёшлар терма жамоаси якунда бронза медалини қўлга киритади. Улар ярим финалда кутилмаганда Вьетнамга пенальтилар сериясида ютқазиб қўйишганди. Акс ҳолда финалда таниш рақиблар рўбарў келишармиди?

Шундан сўнг қатарликлар 23 ёшгача бўлган футболчиларни фаол тарзда миллий терма жамоага ҳам жалб эта бошлади. Индонезияда ўтказилган Осиё ўйинларига улар у қадар жиддий эътибор қаратишмади ҳам. Барча саъй-ҳаракатлар айни пайтда БАА яшил майдонларида давом этаётган Осиё кубогига қаратилган эди. Бунинг самарасини гувоҳ бўлиб турибмиз.

Ўзбекистон аллақачон хайрлашган мусобақада Қатар терма жамоаси ҳамон иштирокини давом эттирмоқда ва эҳтимол улар совриндорлар сафидан ҳам жой олар. Эътиборлиси, бундан роппа-роса бир йил муқаддам Хитой майдонларида жавлон уришган футболчиларнинг беш (!) нафари бугунги Қатар миллий терма жамоасида ҳам асосий таркиб футболчиларига айланган. Булар – ҳимоя чизиғи вакиллари Тариқ Салмон, Акром Ҳассан, Ассим Омер, ярим ҳимоячи Бассам Хушам ва ҳужумчи Али Алмоезлардир.

Хитойдаги мусобақада олтин бутсани қўлга киритган Али Алмоез эса Осиё кубогида ҳам ўзининг тўпурарлик салоҳиятини намойиш этмоқда. Кимдир унинг тўпурарлигида КХДР терма жамоаси дарвозасига киритилган тўртта гол ҳал қилувчи омил бўлаётганини таъкидлар. Аммо, қолган ўйинларда ҳам у уч маротаба муваффақият қозонганини унутмайлик.

Қатардан фарқли ўлароқ Осиё кубогида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий таркибидан Хитойдаги мусобақа қаҳрамонларининг атиги икки нафари жой олишди – Жавоҳир Сиддиқов ҳамда Достон Ҳамдамов. Бу рўйхатга ёш жиҳатидан улар билан тенгқур бўлган Элдор Шомуродов ва Отабек Шукуровни ҳам қўшиш мумкиндир. Аммо, факт шуки улар Хитойдаги мусобақада иштирок этишмаган.

БУ КУНЛАРНИ ЯНА КЎП БОР ЭСЛАЙМИЗ...МИ?

Юртимизда футболни ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, ҳар қандай жамиятда соҳанинг тараққиёти унда эришилган ғалабалар билан ўлчанади. Мамлакатимизда ўнлаб стадионлар қурилмасин, юртимиздан юзлаб иқтидорли ёшлар етишиб чиқмасин, моҳир футболчиларимизни миллион-миллион долларларга трансфер қилмайлик, агар терма жамоалар ва етакчи клубларимиз халқаро майдонларда муваффақият қозонмас экан, оғиз кўпиртириб мақтанишимиз бефойда.

Осиё кубогида Ўзбекистон терма жамоаси чиройли ўйин кўрсатди, тартибли ўйнади, дея ўзимизни овутишдан кимга наф? Тўғри, Эктор Купер олдига Осиё кубогида ғалаба қозонишдек масъулиятли вазифа қўйилмаган эди. Шундай бўлса-да жаноб Купер БААга айни пайтдаги энг кучли футболчиларимизни олиб борди, боз устига уларнинг аксари ушбу спорт турида фахрий ёшга етиб улгуришган эди. Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ҳам, Эктор Купернинг ҳам бош мақсади – 2022 йилги жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиш. БААдаги мусобақа шуни кўрсатдики, бу йўлда бизга осон бўлмайди. Зеро, энди мундиал йўлида Япония, Жанубий Корея, Австралия, Эрон, Саудия Арабистонидан ташқари БАА, Иордания, Ироқ, Хитой, Ўмон, ҳатто Вьетнам сингари жамоалар ҳам бизга жиддий рақобат туғдиришади. Яхшиямки, Қатар 2022 йилги жаҳон чемпионати саралашидан озод этилган, акс ҳолда муаммоларимиз янада кўпайиши тайин эди. Осиё кубогида энг кучли таркиб билан ҳам нимчорак финалдан нарига ўтолмас эканмиз, ушбу мусобақани қурбон бериш орқали ёшларимизни ЖЧ-2022 саралаш ўйинларига тайёрлаб борганимиз яхшироқ бўлмасмиди?

Хиросимадаги ғалабаларни узоқ вақт эслаб юрдик, қачонки Хитойда ёшларимиз қитъа чемпионлигини қўлга киритиб, кўнгилларга таскин бермагунча. 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатининг фараҳбахш онларини ҳам узоқ вақт эслаб юрмаслигимиз учун буёғига футболчиларимиздан тез орада янги зафарлар кутиб қоламиз. Зотан, янги ғалабалар эски муваффақиятларни хотирамизга муҳрлашга хизмат қилади.

Отабек Эшмаматов, ЎзА​
6 004