ЎзА Ўзбек

13.04.2019 18:34 Чоп этиш версияси

Талабалар спорт фестивали минглаб ёшларни бирлаштирди

Талабалар спорт фестивали минглаб ёшларни бирлаштирди

Унда Равшан Эрматов, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ўткирбек Ҳайдаров, Бекзод Хидиров, Қудратилло Абдуқаҳҳоров, Саида Маҳмудова сингари таниқли спортчи ва мураббийлар иштирок этди

Бугун Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ёшлар спорт фестивали ўтказилди. Тадбир Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда ТДИУ билан ҳамкорликда ташкил этилиб, унда ёшларни спортга кенг жалб этиш ва оммавий спортни талабалар орасида кенг тарғиб қилиш бош ғоя сифатида олиб чиқилди.

Таъкидлаш жоиз, ТДИУда турли йилларда Миржалол Қосимов, Абдулла Тангриев, Ришод Собиров, Ирода Тўлаганова, Светлана Радзивил, Дмитрий Шокин, Ислом Тўхтахўжаев сингари кўплаб халқаро мусобақалар, жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган атлетларимиз таҳсил олган. Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Миллий олимпия қўмитаси президенти У.Аҳмаджонов ҳам бу жиҳатга алоҳида урғу қаратди.

“Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўзбек спорти тараққиётида ўз ўрнига эга. Ушбу олий ўқув юрти талабалари спортсевар. Университет раҳбарияти ёшлар спорт фестивалини ўтказиш борасида ташаббус билан чиқишганида, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бу таклифни қўллаб-қувватлади. Юртбошимиз ҳам ёшлар орасида спортни ривожлантириш, уларни оммавий тарзда жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш масаласини олдимизга аниқ мақсад ва вазифа қилиб белгилаб берганлар. Шундай экан, келажакда бу спорт тадбирини кенгайтириб, уни анъанавий тарзда ўтказишни йўлга қўямиз”.

photo5301204531054488439.jpg

Фестиваль мини-футбол, стол тенниси, бокс ва шахмат спорт турлари бўйича ташкил этилди. Кескин ва муросасиз кечган беллашувлар якунида ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олган талаба-спортчилар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, тадбирда футбол бўйича Ўзбекистон аёллар олимпия терма жамоаси, Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионати ғолиби Муҳаммадқодир Абдуллаев, бокс бўйича жаҳон чемпиони ва Олимпия ўйинлари совриндори Ўткирбек Ҳайдаров, Осиё ўйинлари ғолиби Бекзод Хидиров, профессионал бокс бўйича “WBS Silver” камари соҳиби Қудратилло Абдуқаҳҳоров, стол тенниси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Саида Маҳмудова сингари таниқли спортчиларимизнинг иштироки ва улар ижросидаги мастер-класслар йиғилганларда бир олам таассурот қолдирди.

Қолаверса, футбол мусобақасининг финал ўйинини жаҳоннинг энг яхши ҳакамларидан бири Равшан Эрматов бошқариб борди. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи, аргентиналик машҳур мутахассис Эктор Купер фестиваль иштирокчиларини қутлар экан, бу каби тадбирлар оммавий спортни ривожлантиришга, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда беқиёс аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Тадбирнинг бадиий қисмида халқимизнинг севимли санъаткорлари иштирокида гала-концерт ташкил этилиб, сумалак ва ҳалим каби баҳорнинг анъанавий таомлари тортиқ этилди.

photo5301204531054488440.jpg

ЎзА
4 236