ЎзА Ўзбек

11.05.2016 11:25:44 Чоп этиш версияси

Талабалар спорт байрамига тараддуд

Фарғонада Универсиада мусобақаларига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида анъанавий ўтказиб келинаётган уч босқичли спорт ўйинлари ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур ноёб тизим халқаро миқёсда янги педагогик технологиялар сифатида эътироф этилиб, кўплаб давлатлар томонидан катта қизиқиш билан ўрганилаётир.

Мусобақаларнинг ҳар бир босқичи иқтидорларни кашф қилиш баробарида, уларнинг тажрибасини ошириш ва йирик халқаро турнирларга тайёргарлик кўришга кўмаклашади. Негаки, “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари халқаро Олимпиада мезонларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда ўтказилади.

“Универсида – 2016” спорт ўйинлари муносабати билан вилоятда кенг кўламли ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, янги спорт иншоотлари барпо этилиб, кўплаб спорт мажмуалари таъмирланди. Фарғона шаҳрида ёпиқ сув спорти саройи фойдаланишга топширилди. Фарғона давлат университетида спорт-соғломлаштириш мажмуаси қад ростлади. Фарғона Олимпия захиралари коллежининг спорт заллари ҳам таъмирдан чиқарилди.

Фарғона политехника институтининг 4 талабалар турар жойи ва 600 ўринли ошхонасида қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Кўкаламзорлаштириш ишлари доирасида 1400 дан ортиқ туп кўчат ўтқазилиб, арча, каштан, ҳинд сирени, фарбиция сингари манзарали ва бутасимон дарахтларга уйғун ҳолда равон йўлаклар барпо этилди.

– Бугунги ёшларимизга ҳавасим келади, биз бундай спорт байрамларини тасаввур ҳам қилолмасдик, – дейди Фарғона политехника институтининг жисмоний тарбия ва спорт кафедраси мудири Ғуломжон Ёрматов. – Бу эътиборга муносиб бўлишга интилаётган ёшлар саралаш баҳсларида ижобий натижаларга эришди. Футбол бўйича финалга йўлланма олган терма жамоа сафида талабаларимиздан С.Мирзаев, Б.Аминжонов, Ф.Ўринбоев, Р.Айвазов бор. Ш.Усмонов, Д.Муҳаммаджоновлар эса эркин кураш бўйича вилоят шарафини ҳимоя қилади. Спортчиларнинг кайфияти аъло. Зеро, спортда бирор натижага эришиш учун нафақат жисмоний, балки руҳий тайёргарлик ҳам катта аҳамиятга эга. Ёшларимиз юқори натижалар билан бу йилги Универсиада тарихидан муносиб жой олишига ишонамиз.

Айни пайтда вилоят терма жамоаси финал босқичига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

– Спорт жону дилим, – дейди Фарғона давлат университети жисмоний маданият факультети 1-курс талабаси, теннис бўйича вилоят терма жамоаси аъзоси М.Икромова. – 2012 йили мактаб ўқувчилари ўртасида Навоий вилоятида ўтказилган “Умид ниҳоллари” мусобақасида учинчи, 2015 йил академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида Наманган вилоятида бўлиб ўтган “Баркамол авлод” мусобақасида иккинчи ўринни эгалладим. Мураббийларим Р.Аразметов, Ш.Абдураҳимов билан мусобақага пухта ҳозирлик кўрмоқдаман. Энди навбат олтин медалга, бунинг учун астойдил курашаман.

“Универсиада – 2016” ташкилотчилари томонидан талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун шароит яратишга ҳам алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда. Жумладан, мусобақа қатнашчилари учун концерт дастурлари намойиш этилади, маданий-маърифий тадбирлар уюштирилиб, диққатга сазовор жойларга саёҳатлар ташкил қилинади.

Мухтасар айтганда, талаба-ёшларнинг ушбу спорт байрамини юксак савияда ўтказиш, иштирокчиларга унутилмас таассуротлар туҳфа этиш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.