Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.08.2017 19:42 Чоп этиш версияси

Таэквондо усталари Тошкентда беллашмоқда

Таэквондо усталари Тошкентда беллашмоқда
Пойтахтимизда Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти кубоги учун Осиё минтақаси мусобақаси бошланди

Бутунжаҳон таэквондо федерацияси, Осиё таэквондо иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси ҳамкорлигида илк бор ўтказилаётган нуфузли мусобақада ўттиздан зиёд давлатдан беш юздан ортиқ кучли таэквондо усталари совринли ўринлар билан бирга 2020 йили Япониянинг Токио шаҳри мезбонлик қиладиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи рейтинг очколари учун баҳслашмоқда.

Мамлакатимизда жисмонан ва маънан соғлом авлодни тарбиялаш, ёшларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қулай шароит яратиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир етук спорт усталари бўлиб етишишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 3 июндаги «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янги, юксак босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Универсал спорт саройида 11 август куни Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти кубоги учун Осиё минтақаси мусобақасининг очилиш маросими бўлди.

Чорлов садолари остида майдонга нуфузли мусобақада қатнашадиган давлатлар вакиллари кириб келади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди.

– Ўзбекистонда спортни, жумладан, таэквондони ривожлантириш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар бугун халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда, – деди Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чо Чунг Вон. – Ўзбекистонда ҳар қандай нуфузли тадбирни юксак савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур шарт-шароит яратилган. Бу мамлакатингиз спорт салоҳиятининг юксак даражага кўтарилганидан далолатдир.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда барча спорт турлари қатори таэквондо ҳам жадал ривожланиб, ёшлар ўртасида оммалашиб бормоқда. Юртимизда йигирма мингдан зиёд ўғил-қиз мазкур спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг таэквондо бўлимида малакали мураббийлар тайёрланаётир. Олимпия захиралари коллежлари, ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактабларидаги таэквондо бўлимлари, қатор спорт секциялари маҳоратли спортчиларни тарбиялашга хизмат қилмоқда. Моҳир таэквондочиларимизнинг халқаро спорт ареналарида қўлга киритаётган ютуқлари сони ва салмоғи йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий университетида таэквондо факультети фаолияти йўлга қўйилаётгани юртимизда мазкур спорт турини оммалаштириш, ёшлар ўртасида тарғиб қилиш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтиради.

Мамлакатимиз таэквондо бўйича бир неча бор йирик спорт анжуманларига мезбонлик қилган. Жумладан, 2010 йил пойтахтимизда таэквондонинг пумсе йўналиши бўйича V жаҳон чемпионати ва 2014 йили таэквондо бўйича XXI ва таэквондо пумсе бўйича III Осиё чемпионатлари юқори савияда ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарорига мувофиқ Ўзбекистон таэквондо ассоциациясининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, машғулот ва мусобақаларни замонавий талаблар даражасида ташкил этиш учун шароит яратиш, халқаро майдонда юксак натижалар кўрсатишга қодир истеъдодли спортчилар селекциясини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширилмоқда.

Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти кубоги учун Осиё минтақаси мусобақасида Ватанимиз шарафини жаҳон спорт ареналарида юқори натижаларга эришаётган тажрибали спортчиларимиз билан бирга ёш иқтидор эгалари ҳимоя қилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.

Байрам Айтмуродов, Жавоҳир Тошхўжаев, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
3 605






Все о погоде - Pogoda.uz