ЎзА Ўзбек

06.10.2019 Чоп этиш версияси

Тўрт жанг, тўрт ғалаба, барчаси нокаут... Ҳамюртимиз Исроил Мадримов профессионал боксда ажойиб натижа қайд этмоқда

Тўрт жанг, тўрт ғалаба, барчаси нокаут... Ҳамюртимиз Исроил Мадримов профессионал боксда ажойиб натижа қайд этмоқда

Бугун профессионал боксда ўзининг тўртинчи жангини ўтказган ҳамюртимиз Исроил Мадримов мексикалик анча номдор спортчи Алехандро Баррерани мағлубиятга учратди ва ўзига тегишли WBA InterContinental камарини қўлида сақлаб қолди.

Нью-Йорк шаҳридаги машҳур “Madison Square Garden” аренасида ташкил этилган бокс оқшомининг марказий жанги ҳеч шубҳасиз қозоғистонлик Геннадий Головкин ҳамда Украина фуқароси Сергей Деревянченко ўртасида IBF ва IBO камарлари учун ўтказилди. Кечанинг иккинчи марказий жанги эса айнан Исроил Мадримов иштирокида бўлиб ўтди. Шуни таъкидлаш керак, ҳали профессионал боксда учта жанг ўтказган ҳеч бир боксчига бундай савиядаги жанг оқшомининг марказий жангида рингга кўтарилиш насиб этмаганди ва бу борада ҳамюртимиз ўзига хос рекорд қайд этди.

89576_680.jpg

Дарвоқе, Исроил Мадримов шу кунгача профессионал боксда учта жанг ўтказган ва уларнинг барчасида рақибларини нокаут билан мағлубиятга учратган бўлса, мексикалик Алехандро Баррера эса 34 маротаба рингга кўтарилиб, уларнинг 29 тасида ғалабага эришганди (шундан 18 тасини нокаут билан). 5 та жангда эса рақибларига имкониятни бой берган (битта жангда нокаутга учраган).

Мадримов ҳамда Баррера ўртасида ўтказилган 10 раундлик жанг атиги 5 раунд давом этди. Боксчимиз биринчи раунддаёқ, яъни илк аниқ зарбасида рақибини нокдаун ҳолатига туширганди. Бешинчи раундда эса у кетма-кет зарбалари эвазига рақибини мувозанатдан чиқаришга эришди ва шу паллада рефери жангни тўхтатди.

Шу тариқа, Исроил Мадримов фаолиятидаги тўртинчи жангида ҳам нокаут эвазига рақибидан устун келди.

89578_680.jpg

89581_680.jpg

13 855
ЎзА