Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.09.2017 11:13 Чоп этиш версияси

Тўрт боксчимиз чемпионлик учун курашни давом эттиради

Германияда давом этаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида мамлакатимиз спортчилари ҳам муваффақиятли иштирок этмоқда.

Вазни 52 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги беллашувларда қатнашаётган Жасурбек Латипов ярим финалда Жанубий Корея вакили Ким Ин Кюни мағлубиятга учратиб, олтин медаль учун курашни давом эттирадиган бўлди. Энди боксчимиз финалда кубалик Йосвани Веитиага қарши жанг қилади.

Вазни 69 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги ярим финал баҳсида Шаҳрам Ғиёсов қозоғистонлик Аблайхон Жусупов устидан ишончли ғалаба қозониб, финалга чиқди. Финалда у кубалик Рониель Иглесиас билан беллашади.

Вазни 81 килограммгача бўлган боксчилар баҳсида қатнашган Бектемир Мелиқўзиев ярим финалгача россиялик Муслим Гаджимуҳаммедов ва қозоғистонлик Ерик Алжановни мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлди.

Шунингдек, жаҳон чемпионатининг финалида Олимпиада чемпиони, тажрибали боксчимиз Ҳасанбой Дўсматов ва иқтидорли боксчимиз Иқболжон Холдоров ўз вазн тоифасида чемпионлик учун курашни давом эттиради.

Маълумот учун, бокс бўйича жаҳон чемпионатида тўрт боксчимиз финалга чиқди. Куба терма жамоасидан етти боксчи, Қозоғистондан уч боксчи, АҚШ, Россия, Франция, Ирландия, Озарбайжон, Украина терма жамоаларидан бир нафардан боксчи финалда иштирок этади.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
2 187






Все о погоде - Pogoda.uz