ЎзА Ўзбек

11.01.2019 22:55 Чоп этиш версияси

Светлана Радзивил: “Шоҳсупага кўтарилиш – ҳар бир спортчининг орзуси”

Светлана Радзивил: “Шоҳсупага кўтарилиш – ҳар бир спортчининг орзуси”

Хабарингиз бор, илк бор ташкил этилган “Миллий спорт мукофоти-2018” тақдирлаш кечасида “Йилнинг энг яхши аёл спортчиси” номинациясида Осиё ўйинлари ғолиби ва рекордчиси Светлана Радзивил ғолиб, деб топилган эди.

Ҳолбуки, унинг рақобатчилари ҳам анойи эмасди. Спортимиз фахри Оксана Чусовитина, кураш бўйича Осиё ўйинлари ғолиби ва жаҳон чемпиони Гулнор Сулаймонова...

Бироқ, бу борада омад Радзивилга кулиб боқди. Мамлакатимизнинг 2018 йилдаги энг яхши аёл спортчиси ЎзА мухбири билан суҳбатда ортда қолган йил таассуротлари ва Янги йилдаги режалари билан ўртоқлашди.

– Аввало, менинг камтарона меҳнатимни шундай юксак даражада эътироф этишгани ҳамда “Йилнинг энг яхши аёл спортчиси”, деб топишганидан жуда ҳам хурсандман. Ортда қолган йил мен учун омадли келди ва Осиё ўйинларида ғолибликни қўлга киритдим. Олдинда эса биз спортчилар учун масъулиятли йил кутиб турибди. Масъулиятлилиги шундаки, 2019 йилда Токио-2020 олимпия ўйинларига йўлланмалар ўйналади. Албатта, Янги йилдан умидларим жуда катта, Осиё ва жаҳон чемпионатларида муносиб қатнашиб, олимпиада йўлланмасига эга чиқишни хоҳлайман.

– Сизга Лондон олимпиадасида совриндорлар сафидан жой олишингиз учун бироз омад етишмаганди. Жакартада эса Осиё ўйинлари рекордини янгиладингиз. Хўш, Токио-2020 олимпиадасидаги имкониятларингизни қандай баҳолайсиз?

– Албатта, ҳар бир атлет, у агар катта спортда фаолият кўрсатаётган бўлса, фақат ғалабани кўзлаган ҳолда майдонга тушади. Бунинг учун у астойдил интилади, меҳнат қилади ва табиийки интилишлари самарасини кўриш, чемпион ёки совриндор бўлишни истайди. Шоҳсупага кўтарилиш – ҳар бир спортчининг энг катта орзуси. Мен ҳам шу йўлда Лондон олимпиадасига астойдил тайёргарлик кўргандим. Барча ҳаракатларим Олимпия ўйинларида ғалаба қозонишга қаратилган эди. Бошида мен учун ҳаммаси яхши кетаётганди, саралашда ҳам барчадан яхши натижа кўрсатдим. Бироқ финалда нима бўлганига ўзим ҳам ҳайронман. Токио олимпиадасида имкониятларим қандай? Лондон олимпиадасида мен 1 метру 97 сантиметр натижа кўрсатган ҳолда 7-ўринни эгаллаган эдим. Риода мен иштирок этмадим, аммо бу мусобақада айнан 1 метру 97 сантиметр натижа билан чемпион бўлди. Шундай экан, Токиода нима бўлишини олдиндан айтиш қийин. Лекин мен ҳар қандай мусобақада ўз имкониятларимни тўлиқ намоён этишга ҳаракат қиламан.

Отабек Эшмаматов, ЎзА
1 695