ЎзА Ўзбек

10.02.2019 09:34 Чоп этиш версияси

Сузиш саломатлик учун кони фойда​

Сузиш саломатлик учун кони фойда​

Шу боис Қорақалпоғистон Республикасида замонавий сув ҳавзаларини қуришга алоҳида эътибор берилмоқда

Мутахассисларнинг фикрича, сузиш, айниқса ўсмир организми учун жуда фойдали. Сабаби, бу жараёнда танадаги барча мушаклар фаол ҳаракат қилиб, чиниқади. Натижада қон айланиш тизими яхшиланади, ўпка, юрак фаолияти яхшиланади.

photo5402293471198423590.jpg

Сузиш ёш организмга қувват беради, иммунитетни мустаҳкамлайди. Сувда ҳаракатланган кишининг асаблари тинчланиб, кайфияти кўтарилади. Шу сабабли ҳам Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасининг 2019-2025 йилларга мўлжалланган манзилли дастурига асосан Қорақалпоғистон Pеспубликасининг 9та туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактаблари қошида ёпиқ сув ҳавзалари, шу жумладан 2019 йилда Мўйноқ туманида замонавий спорт иншооти ва ёпиқ сув ҳавзасини янгидан қуриш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги 411-сонли қарори асосида Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасининг 2018 йилги манзилли дастурига Қорақалпоғистон Республикасидан жами 5 та спорт объекти киритилиб, бу ишлар учун 21 миллиард 520 миллион сўм маблағ ажратилди.

photo5402293471198423591.jpg

Амударё, Қораўзак ва Чимбой туманларида 25х11 метр ўлчамдаги янги сузиш ҳавзаси ва Нукус шаҳридаги Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича олий спорт маҳорати мактаби учун 100 ўринли ётоқ ва ўқув хоналари янгидан қурилди. Элликқалъа туманида 25х11 м. ўлчамда сузиш ҳавзаси ва болалар-ўсмирлар спорт мактаби реконструкция қилинди.

Ушбу дастур асосида Қораўзак туманида 2018 йилнинг иккинчи ярмида ёпиқ сув ҳавзаси қурилиши бошлаб юборилган эди. “Қораўзак сув қурилиш бошқармаси” МЧЖ илғор қурувчилари 6 ой ичида бунёдкорлик ишларини сифатли якунлаб, иншоотни муддатидан олдин фойдаланишга топширишди.

Ёпиқ сув ҳавзасини қуриш учун жамғарма маблағлари ҳисобидан 4,8 миллиард сўм ажратилди. Объектда 11х25 метр ўлчамдаги сузиш ҳавзаси, мураббийлар, шуғулланувчилар учун ювиниш, кийиниш, дам олиш, тиббиёт хоналари, сувнинг таркиби, сифати назорат қилинадиган лаборатория ҳамда томошабинлар учун ўриндиқлар мавжуд. Қораўзак тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби қошидаги ушбу иншоотда бир кунда 120 нафар ўғил-қиз сузиш спорти сирларини ўрганиши учун барча шароитлар яратилган. Эътиборлиси, болалар ва ўсмирлар спорт мактабига жамғарма томонидан 74 турдаги 393 миллион сўмлик жиҳозлар ҳам топширилди.

2019 йил 6 февраль куни Қораўзак тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби ҳудудида қад ростлаган замонавий ёпиқ сув ҳавзасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси комитет бошлиғи Даўитбай Қурбаниязов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Шарифжон Мўминжонов ва бошқалар сўзга чиқиб, спортчи ва мураббийларни, туман аҳлини янги спорт иншооти ишга туширилиши муносабати билан қутлади.

Мазкур сузиш ҳавзасининг фойдаланишга топширилиши Қораўзак тумани ёшлари учун қувончли воқеага айланди. Эндиликда болалар-ўсмирлар спорт мактабида сузиш тўгарагини ташкил этиб, сув спорти турларини оммалаштириш, қолаверса ўсмирлар ва ёшларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишларига ҳисса қўшиш имконияти кенгайди.

Отабек Эшмаматов, ЎзА​​
5 216