Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.09.2017 18:08 Чоп этиш версияси

Сувга сакраш баҳслари якунланди

Пойтахтимизда сув спорти турлари бўйича ўтказилаётган IX Осиё чемпионатининг сувга сакраш баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1 олтин, 5 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритди.

Мусобақанинг сўнгги ҳал қилувчи кунида спортчилар 10 метрлик платформадан сакраш бўйича ўзаро куч синашди. Унда спортчимиз Юлия Нуштаева қизлар ўртасида олтин медални қўлга киритган бўлса, ўғил болалар баҳсида Ботир Ҳасанов шоҳсупанинг учинчи поғонасини эгаллади.

– Осиё чемпионатида мен биттадан олтин ва бронза ҳамда икки кумуш медални кўлга киритдим, – дейди Осиё чемпиони Юлия Нуштаева. – Чемпионатнинг ҳар бир баландликдан сакраш баҳслари муросасиз ўтди. Унда Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистондан келган спортчилар юқори тайёргарликка эга эканини кўрсатди. Келгусида ҳам нуфузли мусобақаларда ғолиб бўлиб, Ватанимиз мадҳиясини баралла янгратишга бор куч-ғайратимизни бағишлаймиз.

Осиё чемпионатида сузиш ва сув полоси бўйича баҳслар қизғин ўтмоқда.

100 метрга эркин сузиш бўйича ўтган баҳсларда Хуршиджон Турсунов олтин медални қўлга киритган бўлса, Алексей Тарасенко ва Алёна Томина бронза медаль билан тақдирланди. 200 метр масофага брасс усулда сузган Фотима Омилова маррага иккинчи бўлиб етиб келди, 50 метрга ушбу усулда сузган Алексей Сидорчук бронза медални қўлга киритди.

Мусобақанинг 4х100 метрга эстафета баҳсларида ўғил болалар ва қизлар терма жамоаларимиз олтин медалга сазовор бўлди. 100 метрга эркин сузиш бўйича аралаш эстафета баҳсларида ҳам сузувчиларимизга тенг келадиган топилмади.

Сув полоси мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси Қозоғистон термасини 11:5, қизлар терма жамоамиз хитойлик тенгдошларини 8:5 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Мусобақалар давом этмоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
3 534






Все о погоде - Pogoda.uz