ЎзА Ўзбек

12.08.2019 Чоп этиш версияси

Суперлига: сафарда “Насаф”ни ютган “Металлург” ўз уйида “Андижон”дан енгилди

Суперлига: сафарда “Насаф”ни ютган “Металлург” ўз уйида “Андижон”дан енгилди

Кеча Суперлигада 16-тур доирасидаги учта ўйин ўтказилди. Эътиборли жиҳати, ўз майдонида “Андижон”ни қабул қилган бекободликлар кутилмаганда имкониятни бой берди.

Шу каби кутилмаган натижалар бир кун олдин “Динамо” – “Қўқон-1912” ҳамда “Навбаҳор” – АГМК жамоалари ўртасидаги учрашувларда ҳам кузатилган эди. Ҳар иккала жуфтликда майдон эгалари рақибларига имкониятни бой беришди.

Кечаги ўйинлардан кейин турнир жадвалида бироз ўзгаришлар юз берди. Айниқса, “Металлург”нинг ўз майдонида мағлуб бўлишини башорат қилганлар ҳатто андижонликлар орасида ҳам камчиликни ташкил қилган бўлса не ажаб. Абдуҳамидилло Расулов ва Жаҳонгир Саидов каби тажрибали, жаҳон чемпионати ўйинларида тобланган қанот ҳакамлари бўлмаганида, ким билади, ёш ҳакам Аскер Нажафалиев ўйинни қай ахволда тамомлаб оларди? Шиддатли, кескин, шу билан бирга муросасиз ўтган баҳс тўқнашувлар, кескин ҳаракатлар, ҳатто бақир-чақирларга бой бўлди. Баъзан бош ҳакам вазиятларга баҳо беришда адашган ҳолатлар ҳам бўлди. Аввалги турда сафарда АГМКдан очко тортиб олган андижонликлар бу ўйинни ҳам катта ташаббус остида ўтказишга ҳаракат қилди ва бунинг устидан чиқди. Аввалига Шаҳзодбек Убайдуллаев, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнггисида Давронбек Исоқов гол киритиб, жамоадошларига муҳим ғалабани тақдим этди. Мезбонлар таркибида биринчи бўлимдаёқ Суҳроб Нуруллоевнинг майдондан четлатилиши ҳам қайсидир маънода меҳмонларга қўл келди.

“Насаф” ҳам жанговар кечган ўйинда “Бунёдкор”ни мағлуб эта олди. Жамоанинг ёш бўлса-да тажрибали футболчилари ҳисобланган Азизжон Ғаниев, Бобир Абдуҳолиқов ва Ҳумоюн Муртазоевларнинг голларига биргина Шоҳруҳ Гадоев жавоб қайтарди холос. Бу ғалаба билан “Насаф” турнир жадвалидаги асосий рақиби – “Бунёдкор” билан ўрин алмашди.

“Сўғдиёна” ва “Қизилқум” жамоалари ўртасида кечган ўйинда Шоҳруз Норхонов томонидан киритилган ягона гол жиззахликлар ғалабасини таъминлади. Умуман олганда 16-тур ўйинларида қандай натижа қайд этилишидан қатъи назар кучли бешлик ва қуйи тўққизлик орасида сезиларли фарқ ҳосил бўлди. 16-турдан кейин турнир жадвалини “Пахтакор” жамоси 44 очко билан бошқариб турибди. Яқин таъқибчиси “Локомотив”ни 13 (!) очкога ортда қолдирган “Пахтакор”ни салкам чемпион, дейиш мумкин. Тўғрида, олдинда турган ўйинларда “шерлар”нинг каттагина очко йўқотиши ёки “темирйўлчилар”нинг барча рақибларини мағлуб этишига ким ҳам ишонарди...

“Локомотив”, “Насаф”, “Бунёдкор” жамоалари совринли ўринларнинг яхшироғи илинжида кураш олиб бориши бор гап. Лекин уларнинг сафи яна кенгаядиганга ўхшайди. “Навбаҳор”ни унутмаган ҳолда “Сўғдиёна”ни ҳам улар орасида тилга олиш мумкин. Ким билади, балки “Сурхон”, “Металлург” жамоалари ҳам отга қамчи босиб қолар...

Хуллас, 16-турдан кейин “Насаф” ва “Бунёдкор” жамоалари 27 очко билан учинчи-тўртинчи ўринларни бўлишиб турибди. Кучли бешликни эса “Сўғдиёна” жамоаси 26 очко билан якунламоқда. Қуйи поғоналарда бораётган “Қўқон-1912” ва “Бухоро” жамоалари 11 очкодан тўплашган, фақат тўплар нисбатига кўра бухороликлар қуйидан биринчи ўринни эгаллаб турибди.

16-тур. 11 август.
“Металлург” – “Андижон” – 0:2
Голлар: Шаҳзодбек Убайдуллаев (33), Давронбек Исоқов (90+3).

“Насаф” – “Бунёдкор” – 3:1
Голлар: Азизжон Ғаниев (26-пен.), Бобир Абдиҳолиқов (55), Ҳумоюн Муртазоев (90+3) – Шоҳруҳ Гадоев (90).

“Сўғдиёна” – “Қизилқум” – 1:0
Гол: Шоҳруз Норхонов (45+3).

17-тур ўйинлари:

17 август

АГМК – “Пахтакор”
“Бухоро” – “Сўғдиёна”
“Қўқон-1912” – “Сурхон”
“Локомотив” – “Насаф”

18 август

“Андижон” – “Навбаҳор”
“Бунёдкор” – “Металлург”
“Қизилқум” – “Динамо”

3 297
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА