ЎзА Ўзбек

27.07.2019 Чоп этиш версияси

​Суперлига: иккинчи давра кутилмаган натижалар билан бошланди

​Суперлига: иккинчи давра кутилмаган натижалар билан бошланди

"Қизилқум" Наманганда "Навбаҳор"ни мағлуб этди, "Локомотив" эса Жиззахда ютқазди.

Хабар берганимиздек, кеча Ўзбекистон суперлигасининг 2-давра ўйинлари бошланди. Шуниси эътиборлики, жума оқшомида бўлиб ўтган ўйинларда кутилмаган натижалар қайд этилди.

14-тур ўйинлари Наманганда "Навбаҳор" ҳамда "Қизилқум" учрашуви билан старт олди. Давралар оралиғида асосий ва етакчи футболчиларидан айрилган "Қизилқум"га Наманганда осон бўлмаслиги кутилаётган бир паллада Ҳамиджон Актамов жамоаси чинакам қаҳрамонлик кўрсатди. Улар меҳмондан ғалаба билан қайтишди. Бу иш сўнгги 2-3 йил ичида унча-мунча жамоанинг қўлидан келмаганини инобатга олсак, навоийликлар кеча бошдан баланд сакрашганлиги ойдинлашади.

Учрашувнинг 7-дақиқасидаёқ меҳмонларнинг грузиялик легионери Мате Ватсадзе кучли зарба билан дарвозани ишғол этди ва ҳисоб очилди. Афтидан Актамов жамоани тарк этган моҳир футболчи Элгужа Григилашвилининг ўрнини унинг ватандоши билан тўлдиришга қарор қилган кўринади. Айнан Ватсадзе томонидан урилган гол ўйинда ягона бўлиб қолди ва "Қизилқум" суперлигада хавфли ҳудуддан узоқлашди.

"Локомотив" эса Самвел Бабаян бошқарувида ўзининг тўртинчи расмий ўйинида учинчи мағлубиятини қабул қилди. Тўғри, бу ўйинларнинг иккитаси темирйўлчилар аҳамиятсиз деб қарашган Лига кубоги доирасида ўтказилган. Аммо, факт бу факт.

Жиззахдаги ўйинда сўнгги дақиқаларгача ҳисоб очилмади. Аммо ҳар икки жамоада гол киритиш учун имкониятлар етарли бўлди. 90-дақиқада "Сўғдиёна" ҳужумчиси Шохруз Норхонов жамоасига муҳим ғалабани тақдим этган гол муаллифига айланди. Темирйўлчиларга ҳатто катта умидлар билан харид қилинган иқтидорли футболчи Остон Ўрунов ҳам ёрдам беролмади. Наҳотки Бабаяннинг "Локомотив"даги фаолияти бошланмасдан ўз интиҳосига яқинлашаётган бўлса. Ахир мамлакатнинг амалдаги чемпиони учун тўрт ўйинда уч бор ютқазиш кўп, жуда ҳам кўп...

Ниҳоят жума оқшомидаги энг охирги ўйин Тошкентда бўлиб ўтди. Унда "Пахтакор" клуби чемпионат аутсайдерларидан бири "Қўқон-1912" жамоасини синовдан ўтказди. 

Учрашув олдидан ПФЛ томонидан июнь ойининг энг яхшилари қаторидан жой олган "Пахтакор" устози Шота Арвеладзе ҳамда футболчи Драган Черан тақдирланди.

Ўйин эса кутилганидек мезбонларнинг устунлигида ўтди ва "шерлар" 3-1 ҳисоби билан ғалабага эришди. Жалолиддин Машарипов, Драган Черан ва Марко Симич(пенальти)ларнинг голларига Муҳаммаданас Ҳасанов жавоб қайтарди. Бу ғалабадан кейин "Пахтакор" чемпионатдаги энг яқин таъқибчисидан нақд 11 очко илгарилаб кетди. Бу кетишда чемпион номи муддатидан аввал аниқ бўладими?!

Ўзбекистон суперлигаси-2019
14-тур.

"Навбаҳор" - "Қизилқум" - 0:1 
Гол: Мате Ватсадзе (7).

"Сўғдиёна" - "Локомотив" - 1:0
Гол: Шохруз Норхонов (90).

"Пахтакор" - "Қўқон-1912" - 3:1
Голлар: Жалолиддин Машарипов (22), Драган Черан (48), Марко Симич (51-пен.) - Муҳаммаданас Ҳасанов (77).

Суперлигада 14-турнинг қолган ўйинлари бугун давом эттирилади.

Paxta-Qoqon (8).jpg

Paxta-Qoqon (7).jpg

Paxta-Qoqon (6).jpg

Paxta-Qoqon (5).jpg

Paxta-Qoqon (4).jpg

Paxta-Qoqon (1).jpg

Paxta-Qoqon (2).jpg

4 827
О.ЭШМАМАТОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА​