ЎзА Ўзбек

27.08.2019 Чоп этиш версияси

Суперлига: “Бунёдкор” уйига қайтди, “Навбаҳор” эса яна ютқазди...

Суперлига: “Бунёдкор” уйига қайтди, “Навбаҳор” эса яна ютқазди...

Кеча Ўзбекистон суперлигасида 18-тур ўйинлари старт олди. Душанбага белгиланган иккита учрашув муросасизлиги билан ажралиб турган бўлса-да, сермаҳсуллик борасида анча оқсади.

Ушбу турда эътиборга молик воқеа содир бўлди. Ниҳоят Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби ўз уйига қайтди. Бутун 1-давра ва ҳаттоки 2-давранинг дастлабки ўйинларини хоҳ у, хоҳ бу стадионда ўтказишган “қалдирғочлар” кеча майдон майсаси бутунлай янгиланган “Миллий” стадионида ҳамшаҳарлари “Локомотив”ни қабул қилди.

Fut-Bun-Loko (1).jpg

Азалдан бу жамоалар ўртасидаги ўйинлар кескин ва муросасиз курашлар остида ўтиб келади, яъни “дерби” мақомини оқлайди. Бу ҳолат Абрамов “Бунёдкор” бошқарувини ўз қўлига олгач янада кучайди, дейиш мумкин. Вадим Карленовичда “Локомотив”га нисбатан қандайдир хусумат бор деган фикрдан мутлақо йироқмиз, бироқ инсон табиатига хос жиҳат, футболчи ёки мураббий ўзининг собиқ клубига қарши майдонга тушганда нималарга қодир эканини кўрсатиб қўйишга ҳаракат қилади.

Fut-Bun-Loko (2).jpg

1-даврада анчайин камтарин таркиби билан ҳам Абрамов “Локомотив” майдонидан очко билан қайтганди. Давралар оралиғида таркибини сезиларли даражада кучайтиришга эришган “Бунёдкор” бу сафар ҳам темирйўлчиларга ютқазмади. Гарчи ўйинда ҳисобни очиш меҳмонларга насиб этган бўлса-да, “қалдирғочлар” иккинчи бўлимда мағлубиятдан қутилиб қолишди. Бу натижа пойтахт клубларидан кўра кўпроқ “Насаф” фойдасига хизмат қилади, десак муболаға бўлмайди.

Fut-Bun-Loko (4).jpg

“Навбаҳор” эса Андрей Канчельскисни истеъфога чиқариб хато қилгани ойдинлашиб қолди. Негаки Деян Журжевич бошқарувида “лочинлар” ўз ўйинини топишолмаяпти. Кеча улар яна мағлубият аламини тортиб кўришди. Бу сафар “Навбаҳор” сафарда “Металлург”га имкониятни бой беришди. Учрашув тақдирини ўйин охирларида Музаффаржон Музаффаров томонидан киритилган ягона гол ҳал қилди. Ушбу мағлубият наманганликларнинг совринли ўринлар учун курашиш имкониятини сезиларли даражада пасайтириб юборди. Эҳтимолки Бекободдаги ўйин жамоа бош мураббийи Деян Журжевич учун “Навбаҳор” бошқарувидаги сўнггиси бўлиб қолар.

Fut-Bun-Loko (8).jpg

Бугун Ўзбекистон суперлигаси 18-тур ўйинлари доирасида яна тўртта учрашув бўлиб ўтади. 2-даврада ғалаба нималигини билмай келаётган “Динамо” ўз майдонида “Бухоро”ни қабул қилса, аста-секин мавқеини тиклаб бораётган “Қўқон-1912” жамоаси эса ўз уйида “Насаф”ни имтиҳондан ўтказади. Шунингдек, бугун ишқибозлар “Пахтакор” – “Андижон” ҳамда “Сўғдиёна” – АГМК тўқнашувига гувоҳ бўлишади. Тур ўйинлари эртага “Сурхон” – “Қизилқум” жамоалари учрашуви билан якунланади.

6 500
О.ЭШМАМАТОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА