ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

Superliga-2019 мавсуми якуни: “Пахтакор” олтин, “Локомотив” кумуш, “Бунёдкор” эса бронза жамоа бўлди

Superliga-2019 мавсуми якуни: “Пахтакор” олтин, “Локомотив” кумуш, “Бунёдкор” эса бронза жамоа бўлди
Ёхуд туман туфайли қолдирилган икки ўйин ва турнинг қолган тафсилотлари ҳақида

Аслида мавсумнинг сўнгги икки тури бир кунда ва бир вақтда бошланиши аввалдан маълум қилинганди. 25-турда бу қоидага амал қилинди, бироқ 26-турда вазият бироз бошқача бўлди. Бу ҳақда бироз кейинроқ.

Мазкур тур чемпионатнинг бронза медали соҳиби, бундан ҳам муҳимроқ сифатида Осиё Чемпионлар лигасида тўп сурувчи ҳамда лигани тарк этувчи жамоалар номини аниқлаб бериши лозим эди. Учинчи ўринга кураш “Бунёдкор” ва “Сўғдиёна” жамоалари ўртасида кечди. Айниқса жиззахликларга ишқибозлик қилувчилар кўпчиликни ташкил этди. Бунга “Бунёдкор”нинг кўп бора совринли ўринларни қўлга киритганлиги, пойтахт жамоасининг замонавий шароитларга эга эканлиги бир сабаб бўлса, иккинчи сабаб сифатида совринга фақат пойтахт вакиллари эмас, балки вилоятлардан, яъни Жиззахдан даъвогар бўлаётганлиги ҳам рол ўйнади. Учрашув кутилганидек қизиқарли ўтди. Майдон эгаларига дуранг ҳам кифоя, меҳмонларга эса фақат ғалаба зарур бўлгани учун ҳам футболчилар кучли босим остида тўп суришди. Якунда эса “қалдирғочлар”ни қаноатлантирувчи натижа қайд этилди. Шу тариқа “Бунёдкор” шу пайтгача эришиб келган совринларнинг кичигига “илашиб қолди”, энг муҳими қитъа мусобақасида иштирок этиш бахтига муяссар бўлди. 

Futbol-Loko-Paxta (2).jpg

Futbol-Loko-Paxta (3).jpg

Лигани тарк этувчи хавфли “зона”да “Бухоро” ва “Динамо” “сайр қилиб” келишаётганди. Тўплаган очколари гарчи энг қуйи жамоа билан бир хил бўлиши мумкин бўлган “Қизилқум”нинг эса лигадан чиқиб кетмаслиги борасида “кўнгли тўқ эди”, сабаби, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзаро ўйинлар натижасига кўра навоийликларнинг Бухоро ва самарқандликларга нисбатан аҳволи дуруст эди. Демак, “Динамо”нинг лигада қолиши учун ўзи зафар қучиши, “Бухоро”нинг эса мағлуб бўлиши талаб этиларди. Лекин бундайин воқеанинг содир бўлиши даргумон бўлаётганди. Негаки, “Динамо” сафарда, бунинг устига кимсан “Насаф” билан ўйнаши ва устунликка эришиши лозим эди, “Бухоро” эса ўз майдонида АГМКни қабул қилаётганди. Самарқандликларку шу пайтгача қилмаган ишларини қилишди – қаршиликларни “тор-мор” этишнинг уддасидан чиқишди, аммо “Бухоро” ҳам осонликча “жон бермади”, аксинча, керакли уч очкосини ишлаб олди. Шу тариқа мавсум бошида лигага “осмондан тушгандек” қўшилиб олган “Динамо” зўр-базўр мавсумни якунлади ва яна ортига қайтди. Қолган ўйинлар натижаси у қадар катта аҳамият касб этмасди. Тўғри, “Металлург” жамоаси ўртамиёналар сафида юрганди, “Сурхон” эса аксинча, кучли бешликка “михланиб” олганди. Ўзаро ўйиндаги бекободликларнинг ғалабаси жамоанинг бешинчи ўринга кўтарилиб олишига, “Сурхон”нинг эса олтинчи ўриндан жой олишига хизмат қилди.

Futbol-Loko-Paxta (4).jpg

Futbol-Loko-Paxta (5).jpg

“Насаф” агар ўз майдонида ҳеч бўлмаса сўнгги турни ғалаба билан якунлаганда ҳам кучли бешликка кириб олган бўларди, ким билади, ё “Динамо”га ичи ачиб ёрдам бермоқчи бўлди, ёки ҳақиқатдан ҳам таслим бўлишдан ўзга чора тополмади – мағлубият жамоанинг еттинчи поғонага жойлаштирди.

Мавсумни бир текисда ўтказган АГМКнинг “Бухоро”дан енгилишини кўпчилик тўғри қабул қилди. Ростда, жамоа биринчидан сафарда ўйнаяпти, иккинчидан рақиб бу пайтда сўнгги нафасини олмоқда, жон чиқишига ҳаракат қилиши аниқ ва шундай бўлди ҳам.

Қуйи поғоналарда биргина “Навбаҳор”нинг “адашиб юриши”ни мавсум бошида ҳеч ким башорат қилмаган бўлса керак. Ўтган мавсумни ҳам, бу йилги чемпионатни ҳам катта тайёргарлик ва катта “иштаҳа” билан бошлаган жамоа камида камида бронза медалга лойиқ кўрилганди. Аммо натижа жамоани анча пастга “улоқтирди”. “Навбаҳор” ўз тарихи давомида деярли дуч келмаган вазиятга тушди – тўққизинчи ўриндан жой олди.

Futbol-Loko-Paxta (6).jpg

Futbol-Loko-Paxta (7).jpg

“Андижон” ва “Қўқон-1912” жамоалари бўйича қайд этилган натижалар ҳақида эмас, шу жамоалар манзилида юз берган воқеа-ҳодисалар мухлисларни кўпроқ қизиқтириши аниқ. Ўйинлар 30 ноябрга белгиланганлигини айтдик. Шу куни водийда тушдан кейин қалин туман юзага келди. Қўқонда биринчи бўлим тугаши арафасида стадион узра қалин туман “ҳужум қилди”, айни шу паллаларда Андижонда ҳам қалин туман тушди. Андижонда майдон эгалари “Қизилқум”ни қабул қилаётган, биринчи бўлимдан кейин ҳисоб ҳали очилмаганди. Иккинчи бўлим бошландики стадионга туман яқинлашди. Ана-мана дегунча майдон марказидан дарвозалар кўринмай ҳам қолди. Иккинчи бўлимнинг еттинчи дақиқаси бошланган чоғда эса беш-олти метр оралиғидаги футболчилар бир-бирларини кўрмай қолишди. Шундан кейин бош ҳакам, учрашув комиссари ва назоратчиси бир тўхтамга келишди – ўйинни тўхтатишди. Бундай холда, яъни форс-мажор юзага келганда бироз кутилади, аҳвол ўзгармагач ўйин бошқа муддатга қолдирилади. Андижонда деярли бир соат вазиятнинг яхшиланиши кутилди, аксинча, туман янада қалинлашгач ўйин бугун қолдирилиши, эртасига соат 12.00да, учрашув тўхтатилган 52-дақиқадан давом эттирилиши бўйича икки жамоа бош мураббийлари ҳамда мухлислар огоҳлантирилди. 

Futbol-Loko-Paxta (8).jpg

Futbol-Loko-Paxta (9).jpg

Андижондаги ўйин ҳам, Қўқондаги баҳс ҳам қишнинг биринчи кунида келган жойидан давом эттирилди. Қўқонда бир кун олдинги дарвозаларга киритилган биттадан тўпдан бошқа тўп дарвоза тўридан жой олмади, Андижонда эса аксинча, 38 дақиқалик учрашув давомида майдон эгалари битта тўп киритишга муваффақ бўлишди. Ва шу тариқа “Андижон” анчадан буён банд қилиб келаётган 10-ўрнида муқим қолди, “Қўқон-1912” 11-ўриндан, “Бухоро” 12, “Қизилқум” эса 13-ўриндан жой олди.

Мавсумнинг сўнгги 26-турида қайд этилган натижалар:

“БУНЁДКОР” – “СЎҒДИЁНА” - 2:2
Голлар: Исломжон Қобилов (41, 61- ўз дарв.), Нурилло Тўхтасинов (60) - Кахи Махарадзе (75)

“НАСАФ” – “ДИНАМО” - 1:2
Голлар: Азизжон Ғаниев (79) - Амиржон Сафаров (55), Обиджон Ҳакимов (74) 

“МЕТАЛЛУРГ” – “СУРХОН” - 2:0 
Голлар: Станислав Андреев (22), Аброрбек Тошқўзиев (30)

“ЛОКОМОТИВ” – “ПАХТАКОР” - 0:0 

“БУХОРО” – АГМК - 2:1 
Голлар: Мурод Бобожонов (18), Бехруз Шодмонов (90+1, пен.) – Элгужа Григалашвили (15) 

“ҚЎҚОН-1912” – “НАВБАҲОР” - 1:1

Голлар: Сухроб Бердиев (16) – Азиз Турғунбоев (19)

“АНДИЖОН” – “ҚИЗИЛҚУМ” - 1:0 
Гол: Абдуллоҳ Олимов (73).

1 874
Ойбек ЮНУСОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА