ЎзА Ўзбек

17.09.2018 12:16 Чоп этиш версияси

Суҳроб Жумаев: "Олимпия ўйинларида ғолиб чиқиш ниятидаман"

Суҳроб Жумаев: "Олимпия ўйинларида ғолиб чиқиш ниятидаман"

Пойтахтимиздаги Республика олимпия захиралари коллежида 2000-2001 йилларда туғилган чарм қўлқоп усталари ўртасида бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда мамлакатимиз бокс федерацияси томонидан истеъдодли боксчиларни аниқлаш ва уларни терма жамоа сафига қўшиш мақсадида ташкил этилган чемпионатда икки юздан ортиқ чарм қўлқоп усталари ғолиблик учун куч синашди.

Муроджон Эшқувватов, Суҳроб Жумаев, Хуршидбек Расулжонов, Абдулазиз Одилов, Жавлонбек Йўлдошев, Асадбек Шодибоев, Суҳробжон Қаюмов, Темурбек Саъдуллаев, Акбаржон Асқаров, Жамшид Худойберганов, Темур Атабаев ўз вазн тоифаларида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

– Вазни 49 килограмм бўлган боксчилар ўртасида Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга эришганимдан хурсандман, – дейди Суҳроб Жумаев. – Мусобақада барча жанглар қийин ўтди. Бироқ мен ўз мақсадимга эришдим. Ўз вазнимда Ҳасанбой Дўсматов каби Олимпия ўйинларида ғолиб чиқиш ниятидаман.

Ж.Тошхўжаев, ЎзА
2 594