ЎзА Ўзбек

24.07.2018 18:19 Чоп этиш версияси

Спортсевар оилалар мусобақаси

Ғиждувон туманида “Отам, онам ва мен – спортчи оила” мусобақасининг Бухоро вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва спортга қизиқувчи ёшлар сафини кенгайтириш мақсадида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Бухоро вилояти кенгаши томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада 13 оила ғолиблик учун баҳслашди

Арқон тортиш, тўсиқлар оша югуриш, дартс каби етти шартни ўз ичига олган мусобақада Ғиждувон туманидаги “Гулистонобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Бекмуродовлар оиласи биринчи ўринни қўлга киритди.

– Касбим қурувчи, бўш вақтимда спорт билан шуғулланиб тураман, – дейди ғолиб оила етакчиси Жасур Бекмуродов. – Бу эса менга тетиклик, куч бағишлайди. Рафиқам мактабда ўқитувчи, стол тенниси билан мунтазам шуғулланади. Икки ўғлимиз – Шоҳруҳхон ва Шоҳижаҳон ҳам шу спортни яхши кўради. Спорт оиламизнинг доимий ҳамроҳи.

Мусобақада Когон шаҳридаги “Амир Темур” маҳалла фуқаролар йиғини вакили – Чориевлар оиласи иккинчи, Ромитан туманидаги “Миришкор” маҳалла фуқаролар йиғини вакили – Ҳайдаровлар оиласи учинчи ўринни эгаллади.

Мусобақа ғолиб ва фаол иштирокчилари эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
4 286