ЎзА Ўзбек

10.01.2020 Чоп этиш версияси

Спортни оммалаштиришда Россия, Хитой ва АҚШ тажрибасидан фойдаланиш керак

Спортни оммалаштиришда Россия, Хитой ва АҚШ тажрибасидан фойдаланиш керак

Таклиф

Бугунги кунда спортчиларимизнинг Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларида қўлга киритаётган муваффақиятларини кўпчилик ҳавас билан эътироф этмоқда.

Бунинг замирида, аввало, мамлакатимизда спортни ривожлантириш, тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёшлар орасида оммавийлигини ошириш борасида давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ҳамда ишонч зоҳир.

Айни пайтда спорт федерациялари ва ассоциациялари томонидан спортчилар маҳоратини ошириб бориш, улар эришган ғалабалар узвийлигини таъминлаш ва рақибларини ўрганиб бориш учун халқаро ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилмоқда.

Барчамизга маълумки, Олимпия ўйинлари туркумига киритилган теннис мусобақалари турли мамлакатларда ўтиши, спорт мавсумининг узунлиги билан ажралиб туради. Шу сабабли ҳам теннисчилар мавсум давомида элликка яқин мамлакатга боради ва ўз тажрибасини ошириб, улкан муваффақиятларга эришади.

Хорижий мамлакатлар аҳолисининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши, турмуш тарзи, қандай спорт турларига қизиқиши ва мамлакатда ривожланган спорт турлари ҳақида теннис бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, бир неча халқаро турнирлар ғолиби Жўрабек КАРИМОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Ҳар йили хориж мамлакатларидаги мусобақа ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этамиз. Вақтимиз бўлганида мезбон юрт тарихи, спортдаги тажрибалари, қўлга киритилган муваффақиятлари сири билан қизиқамиз.

Туркияда ҳам спорт яхши ривожланиш босқичида.

Мамлакатда бугунги кунда спорт курашлари, дзюдо, таэквондо, қишки спорт, теннис, футбол, баскетбол, волейбол, гандбол, енгил атлетика сингари спорт турлари оммалашган. Туркиялик спортчилар Европа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларида доимо кучли рақобатчи ҳисобланади.

Туркия аҳолиси спортни жуда яхши кўради ва спортчиларни ҳурмат қилади. Мамлакатда энг машҳур спорт тури – футбол. Бошқа мусобақалар футбол ўйини вақтига тўғри келиб қолмайди. Бу юртда футбол мусобақасига бефарқ бўлган одамни учратиш қийин. Мухлислар миллий терма жамоа ва клубларнинг ҳеч бир ўйинини ўтказиб юбормайди. Айниқса, Истанбул шаҳри шарафини ҳимоя қиладиган “Галатасарой“ жамоаси иштирокидаги мусобақаларда футбол майдони мухлислар билан тўлиб-тошади.

Туркия ёшларининг энг севимли спорт турларидан яна бири – теннис. Мамлакатда теннис билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар мавжуд. Ҳар йили ўртача йигирмага яқин мусобақа ўтказилади.

Пировардида, теннис йил сайин оммалашиб бормоқда. Туркия тенниси тарихида ўчмас из қолдираётган 30 ёшли Чагла Буюкакчай ҳозирги кунда юқори марраларни забт этаётир.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Туркия теннис федерациялари сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорликни яхши йўлга қўйган. Ҳар икки мамлакатда ўтказилаётган теннис мусобақаларида спортчиларимиз фаол иштирок этиб келади.

Туркия аҳолиси жанговар спорт турлари, айниқса, курашни ҳам яхши кўради. Ҳатто профессионал спортчи бўлмасада, кўпчилик ўғил болалар спорт курашлари тўгаракларига қатнайди.

Аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш яхши оммалашган. Фитнес заллари, спорт тўгараклари доимо гавжум. Туркияликар ҳар тонг ва кечки пайт денгиз қирғоғида сайр қилади, югуради. Сузиш билан мунтазам шуғулланади. Дам олиш кунларида эса соҳилда волейбол ўйнаб, вақтини мазмунли ўтказади. Улар тўғри овқатланишга алоҳида эътибор қаратади.

Фикримизча, спортнинг оммабоп турлари – волейбол, қўл тўпи, баскетбол, стол теннисини янада оммалаштириш ва юксак натижаларни қўлга киритишда Россия, Хитой, Туркия, АҚШ каби давлатлар тажрибасини ўрганиш ва татбиқ этиш керак.

3 221
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА