ЎзА Ўзбек

03.03.2020 Чоп этиш версияси

Спортга йўналтирилган 1 сўм 7 сўм фойда келтиради

Спортга йўналтирилган 1 сўм 7 сўм фойда келтиради

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 декабрь куни ёшлар билан учрашувида барча соҳаларнинг раҳбарларига эртамиз эгалари билан тез-тез кўришиб туриш, уларни дардига қулоқ тутиш ҳамда муаммоларига ўз вақтида ечим топиш чораларини кўриш вазифалари юклатилганди. Шу мақсадда бугун пойтахтимиздаги “Миллий“ стадионда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари билан Тошкент шаҳри ёшлари ўртасида учрашув ташкил этилди.

Ушбу учрашувда вазир ўринбосари Элбек Шукуров ҳамда Тошкент шаҳар Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Акромхўжа Шодихўжаевлар ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Rahbar-va-yoshlar (9).jpg

Rahbar-va-yoshlar (4).jpg

— Ҳозир тилимизда “уюшмаган ёшлар“ деган ибора пайдо бўлди. Менга қолса ёшларга нисбатан бу тарифни ишлатмаган бўлардим. Сиз ҳозир келажак остонасида турибсиз. Ҳар биримиз бу босқичдан ўтганмиз. Келажагини қуриш йўлида изланаётган, ҳаракат қилаётган ва интилаётган ёшларни “уюшмаган”, деб атамаган бўлардим, — деди ёшлар билан учрашувда вазир ўринбосари Элбек Ҳабибуллаевич Шукуров.

“Яқинда Финляндиядаги таълим тизимини ўрганиш асносида Исландиянинг яқин тарихи билан ҳам танишиб чиқдим. Маълум бўлишича, 1992-94 йилларда бу мамлакатда 12 ёшли болаларнинг 85 фоизи спиртли ичимликлар истеъмол қилар экан. Тасаввур қиляпсизми? Майли, пивога ўхшаш енгил ичимлик бўлсин, аммо барибир ёш болаларнинг спиртли ичимликка ружу қўйиши даҳшатку! Исландия бу иллатдан қутулиш учун таълим ва спортга эътиборни кучайтирди. Натижада орадан 20 йил ўтиб энг соғлом миллатлардан бирига айланди. Узоққа бормайлик, футбол бўйича сўнгги Европа ва Жаҳон чемпионатларида Исландия терма жамоаси қанақа шов-шув кўтарганига ҳаммамиз гувоҳи бўлдик. Статистикага эътибор берсак, спортга сарфланган 1 сўм пул давлатга 7 сўм фойда олиб келади. Қандай қилиб дейсизми? Агар бир ходим касал бўлса, унга давлат ҳисобидан даволаниш пули тўлаб берилади. У ходим яна шифохонада даволанадиган бўлса, унинг соғлигини тиклаши ҳам давлат ҳисобидан амалга оширилади. Қолаверса, иш унумдорлиги пасаяди. Агар ўша ходим соғлом бўлса, юқоридаги сарф-харажатларга зарурат қолмайди, иш унумдорлиги юқори бўлади. Бу иқтисодиётга ҳам фойда келтиради. Шунингдек, унинг бахтлилик индекси юқори бўлади“, деб айтиб ўтди вазир ўринбосари.

Rahbar-va-yoshlar (8).jpg

Rahbar-va-yoshlar (6).jpg

Учрашувда Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи қарийб юз нафар ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутасаддиларга мурожаат қилди. Жумладан, Мирзо Улуғбек тумани “Юзработ“ маҳалласида истиқомат қилувчи Жаҳонгир исмли ўсмир илгари уйи олдида оддий турник ва брус бўлгани, ёшлар унда машқ қилишиб ўз соғлигини тиклашгани, аммо айтарли жиддий сабабсиз улар бузиб ташлангани ва энди ёшлар бўш вақтини қандай ўтказишни билмай қийналаётганини айтиб,бу борада вазирлик раҳбариятидан амалий ёрдам сўради.

— Албатта бундай муаммолар йўқ эмас, дейлик Тошкент шаҳрида сўнгги 2-3 йилда қанчадан қанча янги уйлар барпо этилди. Бироқ, аҳолининг фарзандлари учун оддий боғча ёки мактаб инобатга олинмаган. Энди биз шундай лойиҳани илгари суряпмиз ва бу таклиф ҳукуматимиз томонидан ҳам маъқулланди. Бундан кейин янги қурилаётган уйлар олдида албатта аҳоли учун велосайр ва пиёда юриш учун йўлакчалар инобатга олинади, — деди вазир ўринбосари Э.Шукуров.

Rahbar-va-yoshlar (1).jpg

Rahbar-va-yoshlar (5).jpg

Тадбир давомида ёшларнинг бир қатор муаммолари ҳал қилинди ва уларни қийнаётган саволларга жавоб олишди. Шунингдек, тадбир давомида Тошкент шаҳридаги барча БЎСМлар иштирокида махсус кўргазмали бурчак ташкил этилди.

Шу ернинг ўзидаёқ пойтахтимизда истиқомат қилувчи ёшлар ўзлари қизиққан спорт тури бўйича БЎСМларда ташкил этилган спорт тўгаракларига аъзо бўлиш имконияти яратилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

3 118
Муҳаммад АМИН​ (сурат), ЎзА