ЎзА Ўзбек

06.09.2019 Чоп этиш версияси

Спортда иқтидорли талабанинг кейинги фаолияти билан ким шуғулланади?

Спортда иқтидорли талабанинг кейинги фаолияти билан ким шуғулланади?

Муносабат

Президентимиз раислигида жорий йил 4 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши соҳани ривожлантиришга барчамиз бирдек масъул эканимизни чуқур англаб олишимизда муҳим омил бўлди. Бу жараёнда барча даражадаги раҳбарлар, мутахассислар, таълим тизими ходимлари амалга ошириши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда олий таълим муассасаларидаги ҳозирги аҳвол ҳам лўнда таҳлил қилиниб, камчиликларимиз рўй-рост кўрсатилди.

Сўнгги йилларда барча соҳалар қатори жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибордан ҳар қанча қувонсак арзийди. Масалан, ўтган йили таълим муассасамизга 250 миллион сўмлик спорт жиҳозлари ва формалар харид қилинди. Университет стадионини реконструкция қилиш учун 1 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилиб, уни тубдан янгилаш бошланди. Албатта, бу борадаги ишлар талаба-ёшларни спортга кенг жалб этиш, жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини таьминлаш сифати ҳамда самарадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Олий ўқув даргоҳимизда талаба-ёшларнинг мунтазам спорт билан шуғулланиши учун барча замонавий шароит мавжуд. Қишки ва ёзги спорт иншоотларига эгамиз. Жисмоний маданият факультетимизда малакали кадрлар тайёрлаш учун ҳам етарли қулайлик яратилган. Бу йўналишда таьлим-тарбия олаётган ўғил-қизларимизнинг соҳага қизиқиши юқорилиги, спортнинг у ёки бу тури билан шуғулланишга иштиёқи баландлиги эътиборга сазовордир. Шунингдек, бошқа факультетларимизда ҳам спортсевар ёшлар кўп. Спортнинг миллий кураш, дзюдо, енгил атлетика, футбол каби турларида эришилаётган ютуқлар бунга яққол далилдир.

Давлатимиз раҳбарининг видеоселектор йиғилишида спортчиларимизни халқаро мусобақаларга тайёрлаш бўйича айтган фикрлари айни ҳақиқат бўлди. Кўплаб иқтидорли ёшларимизда талабалик йиллари спортга катта иштиёқ бўлади. Нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилишга интилади. Бироқ ўқишни тугатгач, мураббий ёки ўқитувчи бўлиб ишга жойлашади ёки ойлик маоши кўпроқ бошқа бирор ишнинг этагидан тутиб кетади. Катта спорт беллашувларида қатнашмай қўяди. Бунинг сабаблари нимада? Улар оилавий ташвишларга ўралашиб қоляптими ёки мусобақаларга боришга маблағ тополмаяптими? Ё доимий шуғулланиш учун жойларда зўр мураббийлар етишмаяптими? Ёхуд бошқа сабаблари борми? Шу пайтгача биз ана шу муаммони ўрганишни хаёлимизга келтирмаган эканмиз. Профессор-ўқитувчиларимиз уларнинг кейинги ҳаёти билан қизиқмай қўйган экан. Энди ушбу масалага жиддий эътибор қаратишни режалаштириб олдик.

Кези келганда яна бир нарсани айтиш лозимки, вилоятда азалдан кураш яхши ривожланган. Бу юрт кураги ерга тегмаган полвонлари билан дунёга машҳур бўлган. Ҳозир ҳам спортнинг кураш ва дзюдо турларига қизиқиши баланд ёшларимиз кўп. Эндиликда уларни саралаб, топиб, тарбиялаб, катта спортга йўналтириш ҳам бизнинг асосий вазифаларимиздан бири бўлади. Шу мақсадда талаба-ёшларимиз ва жамоамиз ўртасида турли спорт беллашувлари ташкил этишга эътиборни янада кучайтирамиз. Хусусан, 2018-2019 ўқув йилида университет профессор-ўқитувчилари ва ишчи ходимлари ўртасида спортнинг 5 тури бўйича 20 га яқин мусобақа уюштирилиб, талабалар учун 80 дан ортиқ спорт мусобақаси ўтказилган бўлса, бу ўқув йилидан бошлаб, беллашувлар сонини янада кўпайтирамиз. 

Абдуқодир ТОШҚУЛОВ,
Термиз давлат университети ректори,
сенатор.

2 791
ЎзА