Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.03.2017 16:12 Чоп этиш версияси

Спорт мени юксак марраларга чорлади

“...2008 йили Мисрнинг Қоҳира шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтказилган халқаро мусобақада эришган ғалабам шарафига Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилганда кўз олдимда биринчи бўлиб меҳрибон онам гавдаланди. Орқамда она Ватаним, тинч-осуда Ўзбекистоним турганини, шу юртнинг энг бахтли қизи эканимни ҳис этиб, қалбим ғурур-ифтихорга тўлди..."

Бу Тошкент давлат стоматология институти тўртинчи курс талабаси, синхрон сузиш бўйича кўп карра мамлакат ва халқаро мусобақалар ғолиби, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Шоҳида Зоҳидованинг дил сўзлари.

Салима Зоҳидова қизалоғини пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги сув спорти саройига олиб борганида Шоҳида ҳали 6 ёшда эди. Ундаги қизиқиш, шижоат ва ҳаракатчанлик мураббийлар эътиборини тортди. Тажрибали мураббия Оксана Бортникова кўзлари ёниб турган, спортга иштиёқи баланд бу қизчанинг салоҳиятини кўра билди. Ота-онаси, таълим муассасаси ва мураббийси ҳамкорлигидаги мустаҳкам ишонч Шоҳиданинг муваффақиятларига пойдевор бўлди.

Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш, ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан кўмак бериш, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, қиз болаларни замонавий касб-ҳунарларга йўналтириш, уларни спортга кенг жалб этиш, соғлом оилани шакллантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1999 йил 10 июнда Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилгани истеъдодли қизлар сафини кенгайтириш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аъло ўқиши, интилиши, ижодий салоҳияти билан кўпчиликка ўрнак бўлаётган қизлар фаолиятини кенг жамоатчиликка таништиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Халқимизнинг суюкли шоираси Зулфия издоши бўлганимдан фахрланаман, – дейди Ш.Зоҳидова. – Ушбу мукофот севимли шоирамиз номига, халқимизнинг ишончига, мамлакатимизда қизларга кўрсатилаётган чексиз меҳр-эътиборга ҳамиша муносиб бўлиш масъулиятини зиммамга юклайди. Бор куч-ғайратим билан мамлакатимиз ривожи, спортимиз тараққиёти, ёш авлод камолоти учун хизмат қилишга тайёрман. Ҳар бир мусобақа олдидан Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч қачон кам бўлмаймиз!”, деган сўзларини қайта-қайта такрорлайман. Бу кучимга куч қўшиб, янги ғалабалар сари ундайди.

Шоҳида синхрон сузиш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси сифатида 2009 йили Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтказилган мусобақада кумуш ва бронза, Японияда ташкил этилган Осиё биринчилигида бронза медалини қўлга киритган. 2010 йили синхрон сузиш бўйича Малайзияда ўтган халқаро турнирда олтин, 2012 йилда Дубайдаги Осиё чемпионатида бронза медалига муносиб топилган. 2014 йил Японияда 27 давлат вакиллари иштирок этган синхрон сузиш бўйича турнирда бронза медалини, Жанубий Кореяда ўтказилган Осиё ўйинларида тўртинчи ўринни қўлга киритган. У 20 карра Ўзбекистон чемпиони деган юксак номга сазовор бўлган. Шоҳида 15 ёшидаёқ спортнинг синхрон сузиш тури бўйича спорт устаси талабини бажарган. Ўзбекистон чемпионатлари ва халқаро мусобақаларда эришган ютуқлари учун Миллий олимпия қўмитасининг стипендиясига сазовор бўлган.

Бугун Шоҳида сингари кўплаб қизларимиз спорт ареналарида, халқаро фан олимпиадаларида, санъатда улкан муваффақиятларга эришаётгани барчамизни ғурурлантиради. Ўзбек аёлларининг бошқалардан асло кам эмасликларини исботлаб, салоҳиятию имкониятларини тобора кенгайтираётгани мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган катта эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин самарасидир.

Азима Қиёсова, ЎзА
2 281






Все о погоде - Pogoda.uz