Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.09.2017 15:33 Чоп этиш версияси

«Спорт маънавияти – баркамол авлод кафолати» туркум китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди

Пойтахтимиздаги «Китоб олами» маънавий-маърифий савдо мажмуасида «Илмий-техника ахбороти пресс» нашриётида чоп этилган «Спорт маънавияти – баркамол авлод кафолати» туркум китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарорига кўра аҳолини, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интелектуал салоҳиятини юксалтириш, улар орасида китобхонлик маданиятини ошириш борасида самарали ишлар қилинмоқда. Шу билан бирга мамлакатимизда ноширлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, соғлом рақобатга асосланган турли мавзулардаги босма китобларни чоп этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

«Илмий-техника ахбороти пресс» нашриёти спорт соҳасининг турли йўналишлари ва тармоқларига тааллуқли спорт мутахассислари, олимлар ва тадқиқотчилар томонидан тайёрланган 100 номдан ортиқ китобларни чоп этди.

Жумладан, Р.Назаровнинг «Жисмоний тарбия назарияси ва услубияти», Р.Нуримовнинг «Спорт ва миллий ўйинлар», У.Салимовнинг «Теннис», О.Гончарованинг «Ёш спортчиларни жисмоний тайёрлаш», А.Усмонованинг «Спорт психологияси», С.Қурбоновнинг «Енгил атлетика», Л.Жалилованинг «Жисмоний тарбия ва спорт тарихи» каби қўлланма ва рисолалари нафақат мактаб ўқувчилари, балки педагогика олий ўқув юртлари, жисмоний тарбия институтлари талабалари, спорт билан шуғулланувчи ёшлар, спорт мураббийлари ва мутахассислар, кенг китобхон оммасига мўлжалланган.

– Мамлакатимизда спортни ривожлантиришга, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар қилиб вояга етказишга доимий эътибор қаратилмоқда, –дейди нашриёт раҳбари Фикрат Керимов. – Нашриётимизда чоп этилган қўлланмалар орқали ўқувчи спорт билан тўғри шуғулланиш қоида ва талаблари, машғулот турлари, спорт билан шуғулланиш жараёнида кийиниш ва овқатланиш тартиби ҳақида батафсил тушунчага эга бўлади.

Гулноза Бобоева, ЎзА
2 630






Все о погоде - Pogoda.uz