ЎзА Ўзбек

27.12.2019 Чоп этиш версияси

Спорт мактабининг “Энг яхшилари” тақдирланди​

Спорт мактабининг “Энг яхшилари” тақдирланди​

Хоразм вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси тасарруфидаги Спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида спортнинг футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи, енгил атлетика, стол тенниси, теннис, шахмат, чим устида хоккей ва бадминтон турлари фаолият юритмоқда. Уларда жами 1600 нафардан зиёд ёшлар шуғулланиб келади. Шундан 523 нафарини қизлар ташкил этади.

Бу ерда машғулотлар замонавий андозалар асосида, янги методикалардан фойдаланган ҳолда ўтказилаётгани, тез-тез мусобақалар уюштирилаётгани ёш спортчиларнинг қобилиятини юзага чиқаришда омил вазифасини ўтамоқда. Бунинг самараси, спорт мактаби вакиллари нафақат вилоят биринчилиги ва чемпионатларида, халқаро ва республика миқёсидаги нуфузли мусобақаларда ҳам ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олишаётир.

photo5201688455178988476.jpg  

Мазкур даргоҳда ҳар йили янги йил байрами арафасида йил сарҳисобларига бағишлаб тантанали маросим ўтказиш анъанага айланган. Унда тарбияланувчилари энг яхши натижага эришган мураббий ва мутахассислар муносиб тақдирлаб борилади. Табиийки, бу гал ҳам бундан мустасно бўлмади.

Урганч шаҳридаги “Бек” ресторанида бўлиб ўтган байрам тадбирида Хоразм вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шокир Мадаминов қатнашиб, спорт мактабининг жорий йилги фаолиятига юксак баҳо берди ва маҳорат масканига 2020 йилда ҳам улкан ютуқлар тилади. Ўз навбатида спорт мактабининг бир гуруҳ ходимларини бошқарманинг диплом ва совғалари билан тақдирлади.

Албатта, бу рағбат хоразмлик спортчиларни, уларнинг устозларини янги марралар сари етаклаши муқаррар.

2 666
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА​