ЎзА Ўзбек

15.04.2019 17:38 Чоп этиш версияси

Спорт хабарлари: ғолиб ва совриндорлар аниқланди

Спорт хабарлари: ғолиб ва совриндорлар аниқланди

Теннис. Андижонда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва мамлакатимиз теннис федерацияси томонидан ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтказилган чемпионатда ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Ёшлар ўртасидаги яккалик баҳсларида Сергей Фомин шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Ушбу ёш тоифасида Валерия Воробьёва қизлар орасида мамлакат чемпионига айланди. Жуфтлик учрашувларида эса Валерия Воробьёва ҳамда Элина Шарипова, Олимжон Набиев ва Иброҳимжон Ўринов жуфтликлари барча рақибларини енгиб, олтин медални қўлга киритди.

Мамлакат биринчилигининг ўсмирлар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида Валентина Шлейн ва Моҳира Олимова қизлар орасида тенгсизлигини исботлади. Ўғил болалар ўртасида эса Азизбек Дадабоев ва Акбаршох Шукуров тандеми ғолиб деб топилди.

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида теннис бўйича эркаклар ўртасида ўтган "Фьючерс" мусобақасида ҳамюртимиз Санжар Файзиев ва украиналик Владислав Манафов тандеми бош совринни қўлга киритди.

* * * 

Бокс. Профессионал боксда фаолият олиб бораётган ҳамюртимиз Фазлиддин Ғойибназаров навбатдаги жангини 11 май куни америкалик Майкл Фоксга қарши ўтказади. 

Эслатиб ўтамиз, Майкл Фокс ўзининг сўнгги жангини шу йилнинг 16 февраль куни енгилмас боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашевга қарши ўтказиб, фаолиятидаги биринчи мағлубиятни қабул қилиб олганди.

* * *

Юнон-рум кураши. Пойтахтимиздаги “Динамо” спорт мажмуасида спорт курашлари бўйича Ўзбекистон чемпионатининг юнон-рум кураши бўйича ғолиблари аниқланди.

Чемпионатда Зайниддин Наширов, Асриддинбек Насридинов, Жавоҳир Саматов, Умиджон Аҳроров, Ўринбой Қодиров, Тўлқин Тўйчиев, Шаҳриёр Жўрабоев, Иззатилло Шавкатбеков, Шарофиддин Эрназаров, Абдулазиз Ғуломқодиров ўз вазн тоифаларида олтин медални қўлга киритди.

Ж.Тошхўжаев, ЎзА
1 865