Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.06.2018 12:00 Чоп этиш версияси

Спорт хабарлари: Эркаклар ўртасида XXVI Ўзбекистон миллий чемпионати якунланди

КАРАТЭ. Сирдарё вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда каратэ федерацияси томонидан Гулистонда вилоят очиқ турнири ўтказилди.

Унда ғолибликни яккакураш турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби жамоаси қўлга киритди. Гулистон БЎСМ ва Бекобод шаҳри жамоалари шоҳсупанинг иккинчи ва учинчи поғонасига кўтарилди.

* * *

ВЕЛОСПОРТ. 3 июнь – Бутунжаҳон велосипедчилар куни муносабати билан Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ва Туркманистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан веломарафон ўтказилди.

Тошкент шаҳридаги «Ашхобод» боғида ўтказилган веломарафонда мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари, халқаро ташкилотлар ходимлари ва ҳаваскор спортчилар иштирок этди.

Велопойгада 400 нафарга яқин иштирокчи қатнашиб, 4,5 км масофани босиб ўтди.

* * *

ЕНГИЛ АТЛЕТИКА. Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси томонидан 2004 йил ва ундан кичик бўлган ўсмирлар ва қизлар ўртасида мамлакат чемпионати ўтказилди.

Турли масофага югуриш баҳсларида Тимур Исроилов, Денис Солдатенков, Мадина Минуллиева, Ясмина Хуррамова, Камила Мўминова барча рақибларини ортда қолдирди.

Узунликка ва баландликка сакрашда София Муҳаммедова, Ксения Степанова, Соҳиб Каримжонов, Амир Нагаевга тенг келадигани топилмади. 80 метрга тўсиқлар оша югуришда Мадина Минуллиева ҳамда Соҳиб Каримжонов шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

* * *

ВОЛЕЙБОЛ. Тошкент шаҳрида эркаклар ўртасида XXVI Ўзбекистон миллий чемпионати якунланди.

Тўртта турдан иборат бўлган биринчиликда пойтахтнинг «Ориент» жамоаси 47 очко билан мамлакат чемпионига айланган бўлса, ОТМК жамоаси иккинчи, «Сўғдиёна» клуби эса учинчи ўринни эгаллади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
4 254